Интеграция — муқаррар жараён: Марказий Осиёнинг ривожланиши Қозоғистон ва Ўзбекистонга боғлиқ
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонлик таниқли ҳуқуқшунос, жамоат фаоли Тотай Мамитули иштирок этган ўзбек тарихчиси Ихтиёр Эсоновнинг “Qahvali suhbatlar” дастурида сиёсатшунос Фарҳод Толипов Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари юзасидан фикр билдирди.
Фарҳод Толипов минтақа учун интеграция муқаррар жараён эканлигини таъкидлади.
— Марказий Осиё — ўзига хос минтақа. Бу ердаги халқлар тарихи, маданияти ва бошқа жиҳатлари билан ўзаро чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, интеграция табиий ва муқаррар жараёндир. Тарихнинг қайсидир паллаларида бу ердаги мамлакатлар бирлашиш жараёнидан четга чиққан бўлишлари мумкин, аммо ҳамиша интеграцияга интилганлар. Зеро, Марказий Осиё шундай минтақаки, бирлашмасдан тараққий этишнинг эҳтмоли йўқ, — деди Фарҳод Толипов.
У шунингдек, Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари катта аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди.
— Кейинги тарихда, Мустақилликдан кейинги даврда ўзаро муносабатларга катта эътибор берилди. Энг аввало, Қозоғистон ва Ўзбекистон “Абадий дўстлик тўғрисида” битим имзолади. Бу бироз романтикроқ туюлиши мумкин, аммо ўзимизга хос битимдир. Дунёнинг бошқа жойларида бундай битимлар бўлмаслиги ҳам мумкин. Минтақамиз учун бу жуда зарур. Кейинчалик бу битимга минтақадаги бошқа давлатлар ҳам қўшилди.
2013 йили ўша даврдаги давлат раҳбарлари “Стратегик шериклик тўғрисида”ги бимитмни имзоладилар.
Йиллар давомида муносабатлар янги босқичга кўтарилди. 2022 йили “Иттифоқчилик тўғрисида” битим имзоланди. Бу икки қардош давлатнинг яқинлашиб бораётганидан далолат эди, — деди Фарҳод Толипов.
Тарих бир жойда турмайди. Вақт оқимига илаша олганларгина тараққиёт йўлига тушиши мумкин.
— Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистоннинг Хива шаҳрига ташрифи чоғида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг “тандем” эканлигини маълум қилди. Бундан кейин тандем давлатлар сифатида ҳаракат қиламиз. Минтақанинг ривожланиши Қозоғистон ва Ўзбекистонга боғлиқ. Чунки биз, йирик давлатлар ҳисобланамиз, - деди у.
Маърузачи икки мамлакат муносабатларининг давомийлигига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, қозоқ бийлари ҳақиқатгўй ва адолатли бўлганлар.