Қозоқ бийлари ҳақиқатгўй ва адолатли бўлганлар
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонлик таниқли ҳуқуқшунос, жамоат фаоли Тотай Мамитули Ўзбекистонга ташрифи чоғида ўзбек тарихчиси Ихтиёр Эсоновнинг “Qahvali suhbatlar” дастурида иштирок этди.
Қозоғистонлик Тотай Мамитули, ўзбекистонлик сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Шуҳрат Расуловлар иштирокидаги давра суҳбати қозоқ, ўзбек халқларининг дўстлиги, анъаналари, маданияти ва тарихига бағишланди.
Ихтиёр Эсонов суҳбат ибтидосида Тотай Мамитулининг миллий либоси ва кўкрак нишонига қизиқиш билдирди.
Тотай Мамитули унга жавобан эгнидаги қозоқларнинг миллий камзули кейинги пайтларда давлат ходимлари ўртасида ҳам урф бўлаётгани, одамлар ёппасига миллий либосларни кийишга қизиқиш билдираётгани ҳақида айтди. У аниқса, кўкрак нишонига алоҳида тўхталди.
— Бу кўкрак нишонида қозоқ халқининг уч жузининг(уч жуз — уч ҳудудий бирлик)бийи — Тўле би, Қазибек би, Айтеке бийлар тасвирланган. Ана шу уч бийнинг иккитаси Ўзбекистон заминида дафн этилган. Тўле бий Тошкентда, Айтеке бий Навоий вилоятининг Нурота ҳудудида. Қозоқ халқида бийларни хонлар ёки бойлар тайинламаган, халқ сайлаган. Шунинг учун ҳам бийлар адолатли бўлганлар. Кўпинча, можарони ҳал қилиш пайтида камбағалларга ён босганлар, — деди Тотай Мамитули.
Жаҳон цивилизациясида “Дашт демократияси”нинг ўзига хос ўрни бор. “Бош кесмоқ бор, тил кесмоқ йўқ” дейди қозоқлар. Бийлар ана шу анъанага амал қилиб хоннинг олдида ҳам фақат ҳақиқатни айтганлар.
— Бийлар ҳақиқатгўй ва алодатли бўлганлари учун уларнинг тасвири туширилган кўкрак нишони катта нуфузга эга. У қонун соҳасида ҳалол хизмат қилганларга берилади, — деди Т. Мамитули.

Миллий либос ва кўкрак нишони ҳақида гапириб бўлгач, Тотай Мамитули қозоқ анъанасига кўра, ўзбек сиёсатшуноси Шуҳрат Расуловга чопон совга қилди.