Ҳиндистонда яна бир рекорд: Бир кунда 8,4 млн киши коронавирусга қарши эмланди
Ҳиндистон дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчилардан биридир. Бироқ, унинг эмлаш кампанияси суст эди. Шунинг учун расмийлар бутун катталар аҳолисини бепул коронавирус вакциналари билан таъминлашга қаратилган янги сиёсатни жорий этишга қарор қилдилар. Унга кўра, федерал ҳукумат мамлакатда ишлаб чиқарилган вакциналарнинг 75 фоизини сотиб олади ва уларни Ҳиндистон штатлари ўртасида тарқатади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, янги эмлаш стратегиясининг биринчи кунида Ҳиндистонда рекорд миқдордаги одам эмланди - 8,4 миллион киши. Бу, шунингдек, мамлакатда эмлаш кампанияси бошланганидан бери бир кун ичида қўлланиладиган максимал дозадир.
«Эмлашларнинг бугунги рекорд сони қувонарли. Вакцина COVID-19га қарши курашда бизнинг энг кучли қуролимиздир. Биз эмланганларнинг барчасини табриклаймиз ва халқни эмлаш билан таъминлаш учун жуда кўп меҳнат қилганларга миннатдорчилик билдирамиз», - деб ёзди Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Twitter саҳифасида.
Аммо, ҳозирда Ҳиндистон аҳолисининг атиги 5 фоизидан сал кўпроғи вакцинация қилинган ва кўплаб штатларда вакцина етишмовчилиги мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, декабрьга қадар 950 миллион аҳолини эмлаш учун ҳар куни 10 миллион одамни эмлаш керак бўлади.