Ҳиндистонда фаррошлар маҳаллий лотереяда 100 миллион рупийлик жекпотни ютиб олишди

None
Фото: freepic.com
NEW DELHI. Kazinform – Ҳиндистонда 11 нафар аёл (фаррошлар) лотерея чиптасини сотиб олиб, 100 миллион рупий (1,2 миллион доллар) жекпотни қўлга киритди, деб хабар беради Kazinform BBC Newsга таяниб.

Омадлилар ютуқ ҳақида ўтган ҳафта билишган.

Аёллар Керала штатининг Малаппурам туманидаги Парапанангади шаҳридаги уйлардан биологик парчаланмайдиган чиқиндиларни йиғувчи гуруҳнинг бир қисмидир.

Одатда уларнинг кунлик даромади 250 рупий атрофида бўлиб, зўрға кун кечиради. Уларнинг аксарияти фарзандларининг ўқиши ва бошқа ҳаражатлари учун қарз ва кредит олган.

Шунинг учун улар вақти-вақти билан лотерея чиптасини сотиб олиш учун бирлашган.

«Агар бирор нарса ютиб олсак, ютуқни тенг тақсимлаймиз, деб келишиб олдик. Биз бунчалик катта пул ютишимизни кутмагандик», – дейди лотерея ғолибларидан бири.

Аёллар ютуқ ҳақида лотерея ўйнаганидан бир кун ўтиб, улардан бири эридан натижаларни текширишни сўраганида билишган.

Ғолиблардан бири жекпотни қўлга киритганига ишонмаслигини айтади. «Омад ҳеч қачон мен томонда бўлмаган», – дейди у. Унинг уйини 2018 йилда Кералада содир бўлган даҳшатли сув тошқинлари ювиб кетган. Энди у уй қуриб, қарзини тўламоқчи.

Гуруҳдаги бошқа аёллар ҳам шунга ўхшаш ҳикояларга эга.

Аёллардан бири ўтган йили буйрак етишмовчилиги туфайли турмуш ўртоғидан айрилган. Оила буйрак трансплантацияси учун пул топа олмаган.

Яна бирининг айтишича, лотереяда ютиб олишдан бир кеча олдин унинг оиласи келажаги ҳақида қайғурган. Унинг эри, қурилиш ишчиси, штатда кучли ёмғир туфайли иш топишга қийналган. Эр-хотин энди қизининг ўқишига пул сарфлашлари мумкинлигидан хурсанд.

Учинчи аёл эса қизининг операцияси учун пул тўлашдан хавотирда эди.

Давлат божи тўланганидан кейин ғолиблар 63 миллион рупий олади.

Аёллар чиқиндиларни йиғиш билан бирга, жамоат ҳожатхоналарини қуриш ва чиқиндиларни утилизация қилиш ускуналарини ўрнатишда ҳам ёрдам беришади.

Қизиғи, улар ўз ишларини умуман ташлаб кетишмоқчи эмас, чунки уларга омад келтирган айнан шу жамоа эди.

Сўнгги хабарлар
telegram