Иқлим кутилмаган тус оляпти: қозоғистонликларни бу ёзда нима кутади
ASTANA. Kazinform - Бутун дунё бўйлаб глобал исиш таъсири кучаймоқда. Мутахассислар прогнозларига кўра, жорий йилда Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати +46 даражагача етиши мумкин. Бу ҳақда «Қазгидромет» РДКнинг узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлари бошқармаси 1-тоифали муҳандиси Қайсар Шаяхметов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
“Кейинги йилларда дунёдаги об-ҳаво тобора кутилмаган тус олмоқда. Европанинг бир қатор мамлакатларида мисли кўрилмаган иссиқлик қайд этилган, айрим ҳудудларда ўрмон ёнғинлари кўпайган, бир қатор минтақаларда эса кучли ёмғирлар ва тошқинлар тез-тез кузатилмоқда.
Бу тенденцияга атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари ҳажмининг ортиши ҳамда табиий иқлим циклларининг ўзгариши таъсир кўрсатмоқда. Дунёдаги иқлим ўзгаришлари Қозоғистонга ҳам таъсир қилмоқда”, — деди маърузачи «Бүгін Live» дастурида Jibek Joly телеканали эфирида.
Унинг сўзларига кўра, яқин кунларда мамлакатда иссиқ .об-ҳаво сақланиб қолади. Бироқ ўн кунликнинг охирига келиб, ҳарорат пасайиши эҳтимолдан холи эмас.
“Мавсумий прогнозларга кўра, июнь ойида жанубий ҳудудларда ҳарорат меъёрдан 2 даражага юқори, шимолий ҳудудларда эса 1 даражага юқори бўлади. Июль ойида марказий ва шарқий ҳудудларда ҳаво ҳарорати 1 даражага, жанубда эса 2 даражага кўтарилиши мумкин. Август ойида ғарбий ҳудудларда ҳарорат тебранишлари меъёрдан 2 даражага, марказий ҳудудларда эса 1 даражага юқори бўлади”, — деди у.
Ҳароратнинг кўтарилиши билан бир қатор ҳудудларда хавфли метеорологик ҳодисалар ҳам кузатилиши кутилмоқда. Маърузачининг сўзларига кўра, июнь ойи бошида Қизилўрда вилоятида чанғ бўронлари ва кучли иссиқлик прогноз қилинмоқда. Бошқа ҳудудларда эса об-ҳаво ўзгарувчан бўлишига қарамай, кўрсаткичлар асосан иқлимий меъёр доирасида сақланиб қолади.