Хива шаҳрида халқаро этноспорт фестивали бўлиб ўтади

TASHKENT. Kazinform - Жорий йил 7-10 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги «Ичан Қалъа» мажмуасида илк маротаба халқаро Этноспорт фестивали ташкил этилади, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
None
Фото: ЎзА

ЎР Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг маълумотларига кўра, фестивалда 63 та давлатдан 1884 нафар, шундан 928 нафар хорижий, 956 нафар маҳаллий меҳмонларнинг иштироки кутилмоқда.

Тадбирлар давомида Бутунжаҳон Этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда этноспорт турларини ривожлантириш ва янада оммалаштириш бўйича форум, моҳир ошпазлар иштирокида палов тайёрлаш мусобақаси, қовун сайли, халқимизнинг миллий маданияти ва урф-одатларини намоён этувчи ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда санъат асарлари кўргазмаси тадбирлари уюштирилади.

Фестивалнинг яна бир ўзига хос жиҳати, унинг доирасида 3 та спорт йўналишида жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтиши борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўсмирлар, ёшлар, катталар ва фахрийлар ўртасида баҳодирлар ўйини ва тош кўтариш бўйича ўтадиган жаҳон чемпионати 27 та давлат вакилларини жамласа, ўзбек жанг санъати бўйича ўтадиган дунё биринчилигида 16 давлат спортчилари азалий қадриятларимиздан жилоланган жанг санъати турларида баҳслашади.

Катталар ва ёшлар ўртасида мас-рестлинг йўналишидаги жаҳон чемпионатида 22 та давлат вакиллари куч синашса, белбоғли курашда кечадиган халқаро турнирда 9 та мамлакат полвонлари беллашади.

Бундан ташқари, фестиваль доирасида миллий қадриятининг гултожи бўлган кураш, турон, Бел олиш ва уч кураш, От спорти турлари, камондан отиш йўналишлардаги кўргазмали чиқишлар намойиш этилади.


Сўнгги хабарлар