Грузияда Миллий гастрономия агентлиги ташкил этилди

ASTANA. Kazinform — Грузияда 2026 йил 20 июлдан бошлаб Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида фаолият бошлайдиган Миллий гастрономия агентлигини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тегишли қарор мамлакат ҳукумати томонидан тасдиқланди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Грузияда Ұлттық гастрономия агенттігі құрылды
Фото: Business Media

Вазирлик маълумотларига кўра, янги тузилма мамлакатнинг гастрономик меросини сақлаш, ривожлантириш ва халқаро даражада тарғиб этиш, шунингдек, мазкур соҳада ягона давлат сиёсатини шакллантириш мақсадида ташкил этилган.

Агентликнинг асосий вазифалари қаторига миллий ошпазлик анъаналарини ўрганиш ва тарғиб этиш, анъанавий маҳсулотларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, давлат тузилмалари ва соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш киради.

Мамлакатнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган анъанавий маҳсулотларни сақлаш ва ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. Улар қаторида - квеври деб аталувчи сопол кўзаларда шароб ишлаб чиқариш технологияси, анъанавий тенили пишлоғи, чурчхела, дамбалхачо ва миллий гастрономик мероснинг бир қисми ҳисобланган бошқа маҳсулотлар бор.

Шунингдек, Грузия шаробчиликнинг энг қадимий мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бу соҳанинг тарихи тахминан саккиз минг йилни қамраб олади. Мазкур омил мамлакатнинг халқаро бозордаги муҳим устунликларидан бири сифатида баҳоланади.

Грузия томонининг баҳолашича, янги агентлик фаолияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга, қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишга, гастрономик туризмни янада ривожлантиришга ва миллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундан аввал Грузия грузин ларисининг рақамли муқобили — GELt ни муомалага чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Грузия никоҳ орқали мамлакатда яшаш учун рухсат олиш қоидаларини қатъийлаштирган эди.