Германиянинг Марказий Осиё билан умумий савдосининг 81 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов расмий ташриф билан Қозоғистонга келган Германия Федератив Республикаси Бундесрати Президенти Анке Релингер билан учрашув ўтказди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, энергетика, металлургия, геология-қидирув ишлари, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, рақамли технологиялар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди. Давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қозоғистон Бош вазири ва Германия Бундесрати Президенти ўзаро савдо ҳажмини ошириш режаларини муҳокама қилишди. Қозоғистон Германиянинг Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Минтақада Германиянинг умумий савдосининг 81 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили Қозоғистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш 5,9 фоизга ўсиб, тахминан 4 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, Қозоғистон маҳсулотининг экспорти 56,8 фоизга кўтарилиб, 1,2 миллиард долларни ташкил этди.
Инвестицион ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2005 йилдан бери Қозоғистон иқтисодиётига 7,2 миллиард доллар атрофида тўғридан-тўғри немис инвестициялари киритилган. Бу маблағларнинг 90 фоиздан зиёди хомашёга боғлиқ бўлмаган тармоқлар – қайта ишлаш саноати, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, транспорт ва агросаноат комплексига тўғри келади.
Қўшма инвестицион портфель 54,4 миллиард доллардан зиёд қийматдаги 65 та лойиҳани ўз ичига олади. Қозоғистонда Германия капитали иштирокида 1100 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Шу пайтгача 1,1 миллиард доллардан ортиқ маблағдаги 32 лойиҳа муваффақиятли якунланган.
Энергетика сектори Қозоғистон ва Германия иқтисодий муносабатларида муҳим ўрин тутади. Қозоғистон Германияга нефть етказиб бериш ҳажми бўйича учинчи ўринда туради. 2023 йилда Германия Қозоғистондан 10,6 миллион тонна нефть импорт қилган. Учрашув чоғида нефть етказиб бериш ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар водород ва “яшил” энергетика, минерал ресурсларни биргаликда ўзлаштириш, эркин иқтисодий зоналарда илғор саноат кластерларини яратиш ва чуқур технологик кооперация соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратди.
“Бизнинг вазифамиз – мамлакатнинг мустаҳкам саноат пойдеворини шакллантириш ва иқтисодий мустақилликни таъминлаш. Биз қайта ишлаш саноатига алоҳида эътибор қаратиб, юқори қийматли кластерлар яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Афзал йўналишларимиз қаторида – металлларни чуқур қайта ишлаш, нефть, газ ва кўмир кимёси, оғир машинасозлик, уранни бойитиш ва автокомпонентлар ҳамда ўғитлар ишлаб чиқариш бор. Қозоғистон немис бизнеси учун жозибадор бўлган барча омилларга эга: диверсификациялашган энергия манбалари, транзит-транспорт салоҳияти ва катта табиий ресурслар. Инвесторлар учун турли солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган”, – деди Олжас Бектенов.

Ўз навбатида, Германия Федератив Республикаси Бундесрати Президенти Анке Релингер Қозоғистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга катта қизиқиш билдирди.
“Мамлакатингизни Марказий Осиёдаги биз учун асосий ҳамкор сифатида катта қизиқиш билан кузатамиз. Сиёсий мулоқотимиз ва маданий-гуманитар ҳамкорлигимизни ижобий динамикада сақлаб қолишни истаймиз. Иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам биз учун муҳим. Қозоғистонни биз, энг аввало, ишончли ҳамкор сифатида кўрамиз”, – деди Анке Релингер.
Шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш савдо-иқтисодий муносабатларнинг ўсишида асосий омил сифатида қайд этилди. Ўтган йили Европа Иттифоқи, жумладан Германияга юк ташиш ҳажми 4,5 миллион тоннадан ошган. Қозоғистоннинг логистик салоҳиятини кенгайтириш Европа Иттифоқи манфаатларига тўлиқ мос келади.
Учрашув якунида томонлар барча истиқболли йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида эканини тасдиқлашди.