FIFА Қозоғистонда футбол ривожини қўллаб-қувватлашга тайёр

NUR-SULTAN. Кazinform – Қозоғистон футбол федерацияси раҳбари Адилет Барменқулов Париждаги Европа офисида FIFА президенти Жанни Инфантино билан учрашди ва мамлакатда оммавий футболни ривожлантириш лойиҳасини тақдим этди, деб хабар беради Кazinform федерация матбуот хизматига таяниб.
None

«Бугун FIFА раҳбари билан муҳим учрашув бўлиб ўтди. Кун тартибида иккита асосий масала кўтарилди. Болалар-ўсмирлар ва оммавий футболни ривожлантириш. Мақсадимиз – оммавий футболни ҳар бир қозоғистонлик учун қулай қилиш, ҳаваскор футболчиларни кўпайтириш ва мамлакатда футбол ривожи учун қулай шарт-шароит яратиш. Бизнинг ташаббусларимизни қўллаб-қувватлагани ва таклиф этаётган лойиҳаларимиз келажагига баҳо бергани учун Жанни Инфантинодан миннатдормиз», - дейди ҚФФ президенти Адилет Барменқулов.

Оммавий футболни ривожлантириш лойиҳаси спортни тарғиб қилиш, тайёргарлик ва мусобақалар тизимини, шунингдек, футбол инфратузилмасини яхшилашни ўз ичига олади.

Президент Жанни Инфантино ушбу лойиҳаларни амалга оширишда Қозоғистон футбол федерациясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади. Бундан ташқари, FIFАнинг техник гуруҳи қозоғистонлик футбол мутахассислари учун ўқув жараёнини ташкил этишда ёрдам беришини айтди.

Томонлар FIFА ва ҚФФ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Қозоғистон ҳудудида FIFА тадбирларини ўтказиш, шунингдек, Марказий Осиё футбол ассоциациялари ўртасидаги ўзаро муносабатларни яхшилаш масалаларини муҳокама қилишди. FIFА раҳбари Жанни Инфантино уларни муҳокама қилиш учун Қозоғистонга келади.

Фото: kff.kz

Сўнгги хабарлар