Европа жанубида ҳарорат 50 даражагача чиқиши мумкин

None
ASTANA. Kazinform – Бу йил Европа жануби тарихдаги энг иссиқ ёзни бошидан ўтказмоқда. Аномал ҳарорат Шимолий Осиё ва Шимолий Америкада ҳам кузатилмоқда, дея хабар беради Kazinform Еuronewsга таяниб.

Жанубий Европа ёрқин қуёш тафтида қолмоқда, жазирама офтоб кундузи кўз очирмайди, тунлари дим ҳаводан нафас олиб бўлмайди. Испанияда термометр эрталабдан Цельсий бўйича 30 даражани кўрсатса, куннинг ўртасида 40 даражагача кўтарилмоқда. Иссиқ тўлқин анча кундан буён тўхтамаяпти.

Испаниянинг бир йўла кўплаб минтақалари экстремал ҳароратга юқори даражада тайёргарлик ҳолатида яшамоқда. Мутахассислар бу аҳволга Эл-Ниньо иқлим феномени сабаб эканини айтмоқда.

Экстремал об-ҳаво ва иқлим бўйича мутахассис Жон Нэрннинг таъкидлашича, «глобал миқёсда ҳарорат ҳозир ўтган йиллардаги, масалан, ўтган аср 80-йиллардаги Эл-Ниньо пайтидагидан юқори».

Италия ҳам «Харон» аксил циклони сабабли энг иссиқ даврни бошдан кечирмоқда. Иссиқликнинг «Қизил» босқичи Апеннин ярим оролининг ўнлаб шаҳрида, жумладан Римда ҳам қайд этилмоқда.

Жаҳон метеорология ташкилоти Европа учун янги рекорд ҳароратини башорат қилмоқда. Бу 2021 йил Сицилияда қайд этилган Цельсий бўйича 48,8 даража янгиланади, дегани.

Жазирама фақат Европа билан чекланиб қолмаяпти. Шимолий Америка ва Шимолий Осиёда ҳам аввал кузатилмаган аномал юқори ҳарорат кузатилмоқда. Токиода термометр таёқчаси 37 даражага етган, кўчага соябонсиз чиқишга журъат қилган японлар камдан-кам учраяпти.

Иқлимшунослар маълумотига кўра, ҳафта ўртасига келиб, Сардиния оролида ҳарорат 50 даражага чиқиши мумкин. Айни дам Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатнинг 23 йирик шаҳрида фавқулодда огоҳлантириш тартиби амал қилаётганини маълум қилди.

Таъкидланишича, Афина, Рим ва Мадридда ҳарорат жуда юқори, кучли шамол туфайли Европанинг кўплаб ҳудудларида ўрмон ёнғини рўй бермоқда. Хусусан, Афина атрофида ёнғин бир неча уйнинг кулини кўкка совурди. Пальма оролида ёнғин кўлами шиддат билан кенгайиб бораётгани сабабли, 4 минг кишини зудлик билан кўчиришга тўғри келган.

Аномал иссиқ Францияда ҳам ҳар қачонгидан кучли сезилмоқда. Парижда сайёҳларнинг энг севимли гўшалари фавворалар атрофи бўлиб қолмоқда. Туркия жамоатчилиги, мана бир неча ҳафта бўлдики, ўрмон ёнғинига қарши курашмоқда.

«Bloomberg» агентлиги ёзишича, Европада рекорд 2021 йил ўрнатилган эди. Ўшанда Сицилия оролида ҳарорат 48,8 даражага етган. Хуллас, Шимолий ярим шарда экстремал об-ҳаво одат тусига айланмоқда. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотига кўра, айни ҳолат келгусида «янги меъёрга» айланиши мумкин.

Сўнгги хабарлар