Эронда мотам куни: расмийлар Кермандаги портлашлар натижасида ҳалок бўлганлар сонига аниқлик киритди

Туркияга режалаштирилган сафарини бекор қилган Эрон президенти Иброҳим Раиси портлашларда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун пайшанбани миллий мотам куни деб эълон қилди.
Портлашлар оқибатида 84 киши ҳалок бўлди, деди пайшанба куни Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий.
“Олдин 103 киши ҳалок бўлгани эълон қилинган эди. Расмийлар қурбонлар рўйхатида баъзи исмлар такрорлангани ва жасадлар бўлакларга бўлиниб, бир неча бор ҳисоблангани учун икки марта қайта кўриб чиқилди”, – деди Эрон фавқулодда хизматлар раҳбари Жафар Миадфар.
Чоршанба кунги ҳужумларда 280 дан ортиқ одам жароҳатланган, 195 нафари ҳамон касалхонада.
1979 йилги Ислом инқилобидан кейин Эронга қилинган энг қонли ҳужум бўлган теракт учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади.
Чоршанба куни Керман шаҳрида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Қудс кучлари раҳбари Қосим Сулаймоний ўлдирилганининг тўрт йиллиги муносабати билан хотира тадбири бўлиб ўтди. У 2020 йил бошида Бағдод аэропорти яқинида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп буйруғи билан Америка дронининг зарбаси натижасида ҳалок бўлган эди.
Портлашлар унинг қабри ёнида содир бўлди, тадбирда одамлар узун қатор бўлиб навбатда турган эди, бир неча дақиқалар фарқ билан иккинчи портлаш юз берган, оқибатида биринчи портлашдан қочиб кетган оломонга шрапнеллар бориб тушган.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллернинг айтишича, АҚШ расмийларида Исроилнинг ҳужумга алоқадорлигига ишониш учун "ҳеч қандай асос йўқ".
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳужумда мамлакатнинг “ёвуз ва жиноятчи душманлари”ни айблади ва “қаттиқ жавоб” берилишини ваъда қилди.
БМТ, Европа Иттифоқи ва Хитой, Саудия Арабистони, Иордания, Германия ва Ироқ каби қатор давлатлар портлашларни қоралади.
Пайшанба куни дунё етакчилари Эрон президентига ҳужум муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Эроннинг Керман шаҳрида содир этилган теракт оқибатида кўплаб қурбонлар бўлгани муносабати билан Иброҳим Раисийга ҳамдардлик билдирди.