Энергетика ва коммунал хизматлар: Қозоғистонда миллий лойиҳа доирасида 27 та завод қурилади

ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазири ўринбосари Қанат Бозимбаев энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш дастурида қайси маҳсулотлардан фойдаланилишини маълум қилди.

энергетика
Фото: primeminister.kz

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳа икки асосий блокдан иборат. Биринчиси, келгуси беш йил ичида тахминан 7300 мегаваттни етказиб бериш ва ишлаб чиқариш. Бунинг учун 6 триллион тенгедан ортиқ маблағ сарфланмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи қисми - коммунал тармоқларни модернизация қилиш. Бу ерга киритиладиган сармояларнинг умумий ҳажми қарийб 6,8 триллион тенгени ташкил этади. У 10 фоизга ўзгариши мумкин. Шу маблағга 86 минг километр коммунал тармоқларни янгилаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш зарур.

“Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларидан унумли фойдаланиш режаси бор. Биз инфратузилмага катта миқдорда сармоя киритганимиз сабабли, оффтейк-шартномалари доирасида мавжуд ишлаб чиқаришларнинг 100 фоизини юкламоқчимиз.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган нарсаларга келсак, уларни босқичма-босқич ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимиз мумкин. Тахминан 27 та завод ва фабрика ташкил этилади. Биз инвесторлар билан ишламоқдамиз. Ўзимизнинг ишлаб турган корхоналаримиз ҳам бор. Улар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга тайёр. Хорижий инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Улар орасида Европа, Германия, Туркия, Россия ва Хитойдан инвесторлар бор. Албатта, уларнинг барчаси стандартлаштирилган ва сертификатлаштириш тизимларимиз бўйича сертификатланган бўлиши керак”, – деди Қанат Бозимбаев.

Ушбу лойиҳа доирасида муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш учун 6,8 триллион тенге сармоя талаб этилади.

Сўнгги хабарлар