Давлат раҳбари Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеровни қабул қилди
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбарига Туркистон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва келгуси даврга мўлжалланган режалари ҳақида ахборот берилди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Нуралхан Кўшеровнинг сўзларига кўра, ҳудуднинг иқтисодий ўсиши 113,9 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетига солиқ тушумлари 1 триллион тенгега ошди. 2025 йилда ҳудудга 1,7 триллион тенге инвестиция жалб қилинди, жумладан, 1,4 триллион тенге хусусий инвестициялар. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,4 миллиард долларга етди.
Президентга ўтган йили умумий қиймати 340 миллиард тенге бўлган 58 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилгани ва 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани ҳақида ахборот берилди.
Бугунги кунда вилоятда 21 та саноат зонаси фаолият юритмоқда. «Turan» махсус иқтисодий зонасида 26 та лойиҳа амалга оширилмоқда, уларнинг қиймати —315 миллиард тенге.
Қишлоқ хўжалиги, пахта ва тўқимачилик, маккажўхори ва гўшт ишлаб чиқариш кластерлари ривожланмоқда. Ушбу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилганда, 2027 йилга келиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми қўшимча 479,5 миллиард тенгега кўпайиши режалаштирилган.
— Президентга сўнгги уч йил ичида манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар сони икки баравар камайгани ҳақида ахборот берилди. 148 минг киши бандлик тадбирларига жалб қилинди ва ишсизлик даражаси 4,6 фоизни ташкил этди, — дейилади хабарда.
Вилоят ҳокими таълим, соғиқни сақлаш, маданий иншоотлар қуриш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, газлаштириш ва аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш соҳаларида амалга оширилган ишларга эътибор қаратди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришни буюрди. Шунингдек, у аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназаровани қабул қилди.