Давлат раҳбари Нидерландия Қироллиги Бош вазири Марк Рютте билан учрашди
ASTANА. Кazinform - Суҳбат чоғида сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

- Сиз билан 2015 йилда танишганмиз. Ўша учрашувни жуда яхши эслайман. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантиришга қўшган ҳиссангизни юксак қадрлаймиз. Сиз Бош вазир лавозимида ҳамкасбларингиздан кўра кўпроқ ишлагансиз ва халқаро миқёсда катта тажрибага эгасиз. Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини ҳам қайд этмоқчиман. Нидерландия Қозоғистон иқтисодиётига сармоя киритган энг йирик давлат ҳисобланади. Мамлакатимизга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар 120 миллиард доллардан ошди. Мамлакатларимиз кенг кўламли қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда, - деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Нидерландия Бош вазирининг мамлакатга ташрифи Астана ва Амстердам ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга янги суръат бағишлашини таъкидлади.
Марк Рютте икки томонлама ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади.
Шунингдек, у Қозоғистон ва Нидерландия ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини айтди.
- Астанада биринчи марта 2010 йилда бўлганман. Бу менинг янги Бош вазир сифатида Европа Иттифоқидан ташқаридаги биринчи сафарим эди. Кейин 2015 йилда ташриф буюрдим. Ўша пайтдаги суҳбатларимиз ҳалигача эсимда. Икки томонлама муносабатларимиз жадал ривожланиб бораётганидан доим ҳайратдаман. Мен Қозоғистоннинг минтақавий ва халқаро кун тартибидаги мувозанатли позициясига катта ҳурмат билан қарайман. Шу билан бирга, мамлакатингизни янги босқичга кўтариш йўлида қилаётган ишларингизни юксак қадрлайман. Биз қишлоқ хўжалиги, яшил энергия ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида ўз ғояларимиз ва ишланмаларимиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз, - деди Нидерландия Ҳукумати раҳбари.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, энергетика ва сармоявий ҳамкорлик, шунингдек, транспорт, инновациялар, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, иқлим, сув ресурсларини бошқариш каби соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи билан интеграция доирасидаги мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.