Давлат раҳбари Миллий банкка молиявий тизим барқарорлигини таъминлашни топширди

ASTANА. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев Миллий банк раҳбариятининг 2025 йилдаги фаолияти натижалари ва 2026 йилга мўлжалланган режаси ҳақидаги ҳисоботини тинглади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Миллий банкка молиявий тизим барқарорлигини таъминлашни топширди
Фото: Ақорда

Миллий банк раиси Тимур Сулейменов пул-кредит сиёсати, молия сектори, олтин-валюта захиралари, Миллий жамғарма ва Ягона жамғариб бориладиган пенсия фондининг ҳолати, шунингдек, молия тизимининг рақамли трансформациясида эришилган натижалар ҳақида ахборот берди.

Президентга инфляция даражаси ўтган йили 12,3 фоизгача пасайгани маълум қилинди. Май ойи маълумотларига кўра, инфляциянинг пасайиши бу йил ҳам давом этмоқда — 10,4 фоиз.

Миллий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляция даражасини пасайтириш бўйича комплекс ишларни амалга оширмоқда.

Давлат раҳбарига Миллий жамғарма ва Миллий банкка ишончли бошқарувга берилган Ягона жамғариб бориладиган пенсия фонди активларининг ҳолати ҳақида ахборот берилди.

Миллий банкнинг олтин-валюта захиралари ўтган йили рекорд даражага етиб, 65,4 миллиард долларни ташкил этди. Миллий жамғарманинг валюта активлари 5,1 миллиард долларга ўсиб, 63,9 миллиард долларга етди. Ягона жамғариб бориладиган пенсия фонди активлари ҳажми 2,7 триллион тенгега ўсиб, 25,1 триллион тенгега етди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга рақамлаштириш ва рақамли лойиҳаларни ривожлантириш ҳақида ахборот берилди. 2025 йилда рақамли активлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди, унинг асосида реал активларни токенлаштириш, пулга боғланган стейблкоинларни чиқариш, крипто-провайдерлар ва крипто-фиат каналларини ташкил этиш каби 30 дан ортиқ синов лойиҳалари амалга оширилди.

Қозоғистон минтақада биринчи Миллий рақамли молиявий инфратузилмани ишга туширди. У хавфсиз биометрик маълумотлар, банклараро ҳисоб-китоблар, молиявий ахборот алмашинуви тизими, рақамли тенге, фирибгарликдан ҳимоя қилиш ва замонавий рақамли хизматлар каби механизмларни бирлаштиради.

Учрашув якунида Давлат раҳбари Миллий банкка молия тизимининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, Ҳукумат билан биргаликда инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаш бўйича мувофиқлаштирилган сиёсат олиб боришни топширди.

Шунингдек, молия бозорида илғор рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.