Давлат раҳбари Қозоғистон халқини Миннатдорчилик куни билан табриклади
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқини Миннатдорчилик куни билан табриклади, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

***
Ҳурматли ватандошлар!
Миннатдорчилик куни билан табриклайман!
Бу - бирлигимизни мустаҳкамлайдиган байрамдир. Шу куни юртимиз фуқаролари бир-бирига алоҳида ҳурмат ва миннатдорчилик билдирадилар. Шунингдек, тинчлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик қадриятлари ҳар томонлама улуғланади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, миллатни бирлаштиришнинг оқилона йўлидир.
Халқимизнинг замон синовидан ўтган меҳр-оқибат, ғамхўрлик, ёрдам қўлини чўзишга тайёрлик каби олижаноб фазилатлари оғир дамларда айниқса яққол намоён бўлмоқда.
Бугун мамлакатимизда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилиб, адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлида аниқ қадамлар қўйилмоқда. Ана шундай кескин даврда юрт манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш, бирдамлигимизни асраш жуда муҳим.
Биз илғор фикрли халқ сифатида ўз олдимизга қўйган барча юксак мақсадларга эришамиз, деб қатъий ишонаман.
Шу муносабат билан тинмай тер тўкаётган, Қозоғистонни ободонлаштиришга ҳисса қўшаётган фуқароларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Барчангизга омад ва фаровонлик тилайман!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!