Давлат раҳбари ҚР Экология ва табиий ресурслар вазирини қабул қилди

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари ҚР Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулейменовани қабул қилди, дея хабар беради Каzinform.
None
Фото: akorda.kz

Президентга мамлакатда вегетациянинг бориши, ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёсига оид масалалар ҳақида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга ўрмон хўжалигини моддий-техник жиҳатдан жиҳозлаш, жумладан, асбоб-ускуналар харид қилиш ва юзага келиши мумкин бўлган ўрмон ёнғинларини эрта аниқлаш тизимларини ўрнатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди.

Зулфия Сулейменова Давлат раҳбарига табиатни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги муассасаларининг ёнғинга қарши воситалар ва техникалар рўйхатини кенгайтириш бўйича нормаларни янгилаш ишлари бошланганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Экология ва табиий ресурслар вазири асосий дарёлар ҳавзаларида, айниқса, республиканинг жанубий вилоятларида сув танқислиги ҳолатларида вегетация даврининг нормал ўтишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Йиғилиш якунида Президент табиатни муҳофаза қилиш бошқармаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларини комплекс тарзда амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш зарурлигига эътибор қаратди. Шунингдек, ҳуқуқбузарлар зарурат туғилганда жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар