Давлат раҳбари «Қозоқтелеком» АЖ бошқаруви раисини қабул қилди

ASTANА. Каzinform – Давлат раҳбари «Қозоқтелеком» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Қуанишбек Есекеевни қабул қилди, дея хабар беради Кazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.
None
Фото: t.me/aqorda_resmi

Президентга «Қозоқтелеком» компаниялар гуруҳининг жорий йилнинг биринчи ярмидаги асосий молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисобот берилди.

Қуанишбек Есекеевнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг телекоммуникация соҳасидаги энг йирик оператори даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга, соф фойдаси эса 16 фоизга ошган. 5G тармоғини яратиш «Қозоқтелеком» учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу ташаббус доирасида 2027 йилгача бутун мамлакат бўйлаб 7000 дан ортиқ база станциялари қурилиши керак. Жорий йил охиригача бешинчи авлод тармоғининг 782 та база станцияларини қуриш режалаштирилган.

«Арзон интернет» миллий лойиҳаси доирасида компания 1200 га яқин қишлоқни оптик технологиялардан фойдаланган ҳолда интернет тармоғига улаш ва республика магистралларини LTE технологиясидан фойдаланган ҳолда юқори сифатли интернет билан таъминлашни мўлжалламоқда.

Бундан ташқари, Давлат раҳбарига Озарбайжон билан қўшма лойиҳа доирасида Каспий денгизи туби орқали оптик толали тармоқ қуриш бўйича топшириқнинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Шу билан бирга, «Қозоқтелеком» зиммасига алоқа сифати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва Қозоғистон шаҳарларида кенг полосали интернет тармоғи билан таъминланмаган ҳудудлар муаммосини тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси юклатилди. Қасим-Жомарт Тоқаев қишлоқ аҳолиси ҳам шаҳар аҳолиси каби замонавий рақамли хизматлар ва маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан корхонага тегишли инфратузилмани қуриш суръатларини ошириш бўйича топшириқ берилди.


Сўнгги хабарлар