Дания қироличаси Маргрете тахтдан воз кечишини маълум қилди

Дания қироличаси
Фото: Wikipedia

Дания қироличаси Маргрете II халққа қилган янги йил мурожаатида тўсатдан тахтдан воз кечишини маълум қилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги BBC Newsга таяниб.

14 январь куни у қиролича бўлганига 52 йил тўлади. Айнан шу куни тахтдан воз кечиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маргрете кетганидан кейин унинг тўнғич ўғли, валиаҳд шаҳзода Фредерик қирол бўлади.

“Мен тахтни ўғлим, вориси Фридрикга қолдираман”, - деди у.

83 ёшли Маргрете II Дания тарихидаги энг узоқ ҳукмронлик қилган монарх бўлиб, тахтга 1952 йилда отаси қирол Фредерик IX вафотидан сўнг ўтирди.

Британия қироллик анъаналаридан фарқли ўлароқ, Данияда 55 ёшли валиаҳд шаҳзода Фредерикнинг расмий тож кийиш маросими бўлмайди.

Бунинг ўрнига сарой ўша куни тахтга ўтирганини эълон қилади.

Қиролича Маргрете Данияда машҳур шахс ва кўплаб данияликлар унинг ўлимигача тахтда қолишини кутишган.

Ҳар йили Янги йил арафасида у халқни табриклайди ва нутқ сўзлайди.

Маргрете II бу йил кутилмаганда тахтдан воз кечиш ҳақидаги эълонидан ташқари, Яқин Шарқ ва Украинадаги уруш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашнинг аҳамияти ҳақида гапирди.

Европадаги бошқа қироллик оилалари каби замонавий жамият муаммоларига дуч келган Дания қироллик оиласи аъзолари сонини камайтиришга қарор қилди.

Бироқ ўтган йили валиаҳд шаҳзода Фредерикнинг укаси шаҳзода Йоахимнинг фарзандлари қироллик унвонларидан маҳрум бўлганидан кейин қироллик оиласидаги вазият оммавий келишмовчиликка олиб келди.

Сўнгги хабарлар