Чуқур қайта ишлаш ва рақамлаштириш сари бурилиш: Қозоғистоннинг тоғ-кон металлургия мажмуаси қандай ўзгармоқда
ASTANA. Kazinform — Ер қаърини чуқур ўрганиш ва ишлаб чиқаришни рақамлаштиришга кенг йўл очган Қозоғистон тоғ-кон металлургия соҳасини янги босқичга олиб чиқишга киришди. Геологик қидирув ишлари, сунъий интеллект ҳамда стратегик минералларга бўлган талаб мазкур тармоқнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилларига айланмоқда. Бу ҳақда Kazinform агентлиги таҳлилий шарҳловчисининг мақоласида сўз боради.
Тоғ-кон металлургия мажмуасининг иқтисодиётдаги ўрни
ҚР Саноат ва қурилиш вазирлиги Саноат қўмитаси маълумотларига кўра, айни пайтда мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8,7 фоизни ташкил этади. Қўмитанинг Kazinform агентлигига маълум қилишича, сўнгги йилларда тармоқ барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Хусусан, қўшилган умумий қиймат тўрт йил ичида 4,7 триллион тенгеден 8,2 триллион тенгегача ошган. Шунингдек, ўтган йил якунларига кўра, металлургиянинг қайта ишлаш саноатидаги улуши 40,5 фоизга етди.
Ишлаб чиқариш ҳажмининг ижобий ўсиши меҳнат унумдорлигига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Сўнгги беш йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробарга ошган бўлса, бир ходим ҳисобига тўғри келадиган меҳнат унумдорлиги 99,1 минг АҚШ долларидан 145,3 минг АҚШ долларигача кўтарилди.
Ўсиш ташқи савдо кўрсаткичларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Кейинги беш йилда металлургия маҳсулотлари экспорти 24,2 фоизга ошиб, 12,8 миллиард АҚШ долларидан 15,9 миллиард АҚШ долларига етди. Экспортнинг асосий қисмини анъанавий равишда мис, ферроқотишмалар, ясси прокат маҳсулотлари, руҳ, алюминий ва кумуш ташкил этади. Ўтган йили қозоғистонлик металлургия маҳсулотларининг асосий бозорлари Хитой, Россия, Туркия, Буюк Британия ва Ўзбекистон бўлди. Шунга қарамай, экспорт таркибида ҳали ҳам дастлабки қайта ишланган маҳсулотлар улуши устунлик қилмоқда.
Жаҳон тенденциялари ҳам Қозоғистоннинг минерал-хомашё секторига бўлган қизиқишни кучайтирмоқда. Таҳлилчилар фикрича, сўнгги бир йилда инвесторлар, айниқса стратегик аҳамиятга эга ҳамда нодир ер металларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса соҳада янги имкониятлар очмоқда.
“Дунё юқори технологияли ишлаб чиқаришлар учун зарур хомашёни излаётган бир пайтда Қозоғистон стратегик минералларга бой давлат сифатида алоҳида эътибор марказига айланди. Бироқ янги имкониятлар билан бирга янги вазифалар ҳам пайдо бўлди. Бугун биз фақат фойдали қазилмаларни қазиб олишни эмас, балки соҳанинг келажагини ҳам муҳокама қиляпмиз. Жумладан, минерал-хомашё захирасини тўлдириш, инвестиция жалб этиш, геологик қидирувни ривожлантириш ва бизнес учун узоқ муддатли барқарор шароит яратиш масалалари кун тартибида”, – деди Тоғ-кон қазиб олиш ва тоғ-кон металлургия корхоналари республика ассоциацияси (ТКМКА) ижрочи директори Николай Радостовец.
Соҳанинг ривожланиш устувор йўналишлари ҳам ўзгариб бормоқда. Саноат қўмитаси маълумотларига кўра, Қозоғистон аста-секин хомашё экспортидан чуқур қайта ишлашга ўтмоқда.
“Тарихан Қозоғистон асосан қазиб олинган хомашё ва дастлабки қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилишга йўналтирилган эди. Ҳозир эса асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлашга, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ва хомашёни мамлакат ичида қайта ишлашни қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда, – дейилади қўмита жавобида.
Бу йўналиш аниқ лойиҳалар орқали амалга оширилмоқда. Сўнгги икки йилда мамлакатда катод мис, ферросилиций, ферроқотишмалар ва бошқа металлургия маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган корхоналар ишга туширилди.
Янги ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестициялар
Инвестиция ҳажми ва янги ишлаб чиқаришларнинг ишга туширилиши тоғ-кон металлургия мажмуасининг ривожланиш суръатини белгилайдиган асосий кўрсаткичлардан ҳисобланади. Саноат қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-2026 йилларда соҳада умумий қиймати 330 миллиард тенгедан ортиқ бўлган 27 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, натижада 5 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилди.
Янги ишлаб чиқаришларнинг географияси ҳам кенгаймоқда. Ўтган йили Павлодар вилоятида қиймати 92 миллиард тенге бўлган, йилига 240 минг тонна ферросилиций ишлаб чиқарадиган «EkibastuzFerroAlloys» ферроқотишмалар заводи фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Қарағанди вилоятида қиймати тахминан 63 миллиард тенгени ташкил этувчи, йиллик қуввати 175 минг тонна ферросилиций бўлган «Qaragandy Power Silicon» лойиҳаси ишга туширилди. Бундан ташқари, металл қувурлар ишлаб чиқарадиган «ТЭМПО-Қозоғистон» заводи ва ферроқотишмалар ишлаб чиқарувчи «Kazferro Limited» корхонаси фаолият бошлади.
Бу жараён жорий йилда ҳам давом этмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида Павлодар вилоятида катод мис ишлаб чиқарадиган «Fonet Er-Tai Mining» гидрометаллургия заводи ишга туширилган бўлса, Қарағанди вилоятида шунга ўхшаш «GoldCorp» лойиҳаси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, «Сәтбаев руда бойитиш корхонаси»нинг модернизация қилинган бойитиш фабрикаси ҳамда Чимкент шаҳридаги «BS Group» компаниясининг рухланган қувурлар ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Соҳанинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. 2024 йилда асосий капиталга рекорд даражада — 761 миллиард тенге инвестиция киритилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 687 миллиард тенгедан ошди.
Бу - 2021 йилга нисбатан анча юқори кўрсаткичдир. Яъни, соҳага йўналтирилган инвестиция оқими секинлашмаган, аксинча янги ишлаб чиқаришларни амалга ошириш учун барқарор асос яратмоқда.
«Қозоғистон АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатларнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Бу борада асосий эътибор узоқ муддатли технологик шериклик ўрнатишга қаратилган. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ва янги индустриал иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлаш – ушбу ишларнинг асосий устувор йўналишларидир», – деди Олжас Бектенов Astana Mining & Metallurgy – AMM 2026 XVI халқаро тоғ-кон металлургия конгрессида.
Келгуси режалар ҳам кенг кўламли. 2030 йилга қадар мамлакатда янги металлургия корхоналари қурилиши ва мавжуд заводларни модернизация қилиш кўзда тутилган.
Йирик лойиҳалар қаторида қиймати 1,6 триллион тенгени ташкил этувчи «Qarmet» инвестиция дастури ҳам бор. Унинг доирасида пўлат ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 5 миллион тоннагача етказиш режалаштирилган. Шунингдек, Абай вилоятида қиймати 778 миллиард тенгели «KAZ Minerals Smelting» мис эритиш заводи қурилиши, қиймати 308 миллиард тенге бўлган «CASPIAN STEEL QZ» пўлат заготовкалари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда қиймати 208 миллиард тенгени ташкил этувчи «Mineral Product International» ферроқотишмалар заводи амалга оширилади.