Чемпионлар лигаси: «Интер» 13 йилдан сўнг ярим финалга чиқди
19 апрелдан 20 апрелга ўтар кечаси «Бавария» (Германия) ва «Манчестер Сити» (Англия) жамоалари тўқнаш келишди.
Биринчи ўйинда инглиз клуби 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Шу боис мухлислар «Бавария»дан ҳужум кутишганди. Бироқ 57-дақиқада улар «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холланднинг голини ўтказиб юборишди. Ўйиннинг 83-дақиқасида Йозуа Киммих пеналтидан гол урди, аммо бу немис клубига мусобақани давом эттириш учун етарли бўлмади.
Шу тариқа, икки ўйин натижасига кўра «Манчестер Сити» мусобақани давом эттириш имкониятига эга бўлди.
Яна бир учрашувда Италиянинг «Интер» ва Португалиянинг «Бенфика» клублари куч синашди. Биринчи ўйин Италия клубининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди.
Учрашувда жамоаларни 3:3 ҳисобида якунланди.
Ўйин давомида «Интер»дан Николо Барелла 14, Лаутаро Мартинес 65, Хоакин Корреа 78, «Бенфика»дан Фредрик Эурснес 38, Антониу Силва 86, Петар Муса 95-дақиқада гол уришга муваффақ бўлди.
Икки ўйин натижасига кўра Италия клуби мусобақани давом эттиради.
Қайд этиш керакки, «Интер» ўз тарихида 13 йилдан сўнг ярим финалга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Милан» ва «Реал Мадрид» ярим финалга чиққанди.
«Милан» ва «Интер», «Реал Мадрид» ва «Манчестер Сити» 9 ва 16 май кунлари ярим финалда тўқнаш келади.
Фото: Getty Images
Муаллиф: Адилжан Умбет