Бугун Silk Way Star мега лойиҳаси 12 мамлакат телеканалларида намойиш этилади
ASTANА. Kazinform — Бугун, соат 20:00да Jibek Joly телеканали, Хитойнинг CCTV-3 телеканали ва иштирокчи давлатларнинг миллий каналларида узоқ кутилган халқаро мега лойиҳа – Silk Way Star кўрсатуви намойиш этилади. Санъат беллашувида 12 давлатдан иқтидорли хонандалар ўзаро куч синашади. Улар орасида Хитой, Жанубий Корея, Малайзия каби давлатлардан келган истеъдодлар бор.
Жорий йилнинг июн ойида Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомпанияси ва Хитой Медиа корпорацияси (CMG) ўртасида Silk Way Star халқаро лойиҳаси бўйича шартнома имзоланган эди. Ушбу ҳужжат Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи доирасида қабул қилинди.

Silk Way Star Марказий Осиё, Кавказ ва Хитой қўшиқчилари иштирокидаги илк қўшма мусиқий лойиҳадир. Лойиҳа танловли чиқишлар, шоу-дастурлар ва гала-концертни ўз ичига олади. Турли тилларда куйланган қўшиқлар, ёрқин маданий ва мусиқий ҳамкорлик маданиятлар ўртасида ўзига хос ижодий мулоқотни юзага келтиради.

— Бу — франчайзинг эмас, балки қозоғистонлик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳадир. Маълумки, мамлакатимиздаги кўплаб телеканалларда намойиш этилаётган йирик халқаро мусиқий кўрсатувлар хорижий давлатларнинг франчайзинг маҳсулотлари ҳисобланади. Ушбу мусобақага 12 давлатдан иштирокчилар келади. Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомпанияси ва Хитой Медиа корпорацияси (CМG) ўртасида Silk Way Star халқаро лойиҳаси бўйича шартнома имзоланган эди. Ушбу келишувга мувофиқ лойиҳани кузги мавсумга тайёрлаяпмиз, — деди «Jibek Joly/Silk Way» телеканали бошқарувчи директори Еркежан Кунтуған.
Танловда Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Малайзия, Мўғулистон, Жанубий Корея, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби 12 давлат вакиллари иштирок этади. Иштирокчилар орасида таниқли ижодкорлар қаторида янги номлар ҳам бор. Қозоғистон шарафини эса Аlem тахаллуси билан танилган истеъдодли хонанда Батирхан Маликов ҳимоя қилади.

- Бу — жуда катта масъулият. Умуман, танловларда қатнашмаганимга анча бўлди, саҳнада гуруҳ билан чиқиш қилганимдан сўнг, танловда қатнашишни ҳам унутиб қўйдим. Шу боис, таклиф келганида, албатта, бу лойиҳада ўзимни қанчалик кўрсатишим мумкинлиги ҳақида кўп ўйладим. Лекин мен мамнуният билан қабул қилдим, чунки кўк байроғимизни жаҳон саҳнасида ҳилпиратиш мен учун юксак шарафдир. Бундай имконият учун катта раҳмат! Мен бор кучимни ишга соламан ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан, — деди ёш хонанда.
Мусиқа танловининг суратга олиш ишлари 2025 йил 20 августда бошланади.Гранд-финал 22 ноябрь куни «Jibek Joly/Silk Way» телеканаллари ва иштирокчи давлатларнинг етакчи телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилади.


Ғолиб Silk Way Star махсус унвони билан тақдирланади ва ўз санъатини жаҳон саҳнасида намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

Келгуси йили Silk Way Star танлови Хитойда ўтказилади. Кейинги йилларда Осиёнинг бошқа давлатлари мусобақани ўтказиш учун ариза топширса, уларга мезбонлик қилиш имконияти берилади.
Бундан ташқари, Jibek Joly/Silk Way янги мавсумда реалити-шоу, жиддий эксперт дастурлари ва меҳнаткаш инсонлар ҳақидаги ноёб лойиҳаларни тақдим этади.