Бугун – Қозоғистонда Миннатдорчилик куни
Бу йил қозоғистонликлар бешинчи бор Миннатдорчилик кунини нишонлайдилар.
Байрам 2016 йилда Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти - Елбасы Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан таъсис этилган. Елбасы илк маротаба 2015 йил апрел ойида Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 22-сессиясида сўзлаган нутқида Миннатдорчилик кунини нишонлашни таклиф қилганди. Елбасы таъкидлаганидек, ушбу кунда мамлакатнинг барча этник гуруҳлари вакиллари бир-бирларига ва Қозоғистонга депортация қилинган йиллардаги бағрикенглик ва меҳмондўстлик кўрсатгани учун қозоқ халқига миннатдорчилик билдиришлари мумкин.
Анъанага кўра, Миннатдорчилик куни байрами бутун республика бўйлаб 1 мартдан анча олдин бошланади. Байрам, гарчи ёш бўлса-да, бугунги кунда бошқа байрамлар орасида алоҳида ўрин тутади. Уни ҳақли равишда умуммиллий байрам дейиш мумкин, чунки у Қозоғистон халқининг умумий тарихий хотираси, бирлиги, ҳурмати ва бирдамлигини англатади.
Қозоғистонда Миннатдорчилик кунида турли тадбирлар ўтказилади, уларнинг моҳияти бир хил - мамлакатда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш.