Бобби ҳақиқатан ҳам 31 йил яшадими – Гиннеснинг рекордлар китоби текширмоқда

Гиннеснинг рекордлар китоби дунёнинг энг кекса ити номига ариза беришни вақтинчалик тўхтатди. Чунки собиқ рекордчи, португал мастифи Боббининг унвони шубҳа остида, деб хабар беради Каzinform агентлиги ВВСга таяниб.

боби
Фото: Euronews

Ўтган йили Боби (наслнинг расмий номи – Рафейру ду Алентужу) ҳақида жаҳон оммавий ахборот воситалари икки марта шоу-шув кўтарди: биринчи, Рекордлар китоби унга дунёдаги энг кекса ит мақомини берганида, вафотидан кейин эса у сайёрамиздаги энг узоқ умр кўрган ит бўлди.

Боби 31 йил 165 кун яшаб, ўтган йилнинг октябрь ойида вафот этди. Бу ёшни инсон ёшига тенг деб ҳисобласак, у 217 йил яшаган. Ҳатто ветеринария шифокорлари ҳам бунга ишонмайдилар.

"Менинг ветеринар ҳамкасбларимнинг ҳеч бири Бобби ҳақиқатан ҳам 31 ёшда бўлганига ишонмайди", – деди Қироллик ветеринария жарроҳлари коллежи кенгаши аъзоси, ветеринар Дэнни Чемберс, Британиянинг Guardian газетасига.

Унинг сўзларига кўра, Гиннеснинг рекордлар китоби ветеринария шифокорлари олдида ўз обрўсини сақлаб қолишни истаса, ишончли далиллар келтириши керак.

Бобби узоқ умр кўрди, лекин рекорд ўрнатмаган деб ҳисоблаганлар нега шундай ўйлашади?

Португал мастифларининг ўртача умри 12-14 йил. Ветеринарларнинг айтишича, Боббининг ўртача кўрсаткичдан икки баравар узоқ умр кўришини тасаввур қилиш қийин.

Итнинг узоқ умр кўришига шубҳа туғдирган яна бир масала расмий рўйхатга олиш билан боғлиқ: унинг ҳақиқатан ҳам 1992 йилда туғилганлигини ким, қандай ва қачон текширган?

Португалияда барча уй ҳайвонлари рўйхатга олинган Sistema de Informação de Animais de Companhia (SIAC) миллий маълумотлар базаси мавжуд.

Wired журналистларидан бири Мэтт Рейнолдс рекордчининг ёшини тасдиқлаш ёки рад этиш учун SIAC билан бевосита боғланди.

Унинг олган жавоби вазиятга ойдинлик киритиш ўрнига ҳамма нарсани чалкаштириб юборди.

боби
Фото: guinnessworldrecords.com

“Биз Боби исмли ит SIACда 2022 йил 3 июлда рўйхатга олинганлигини тасдиқлашимиз мумкин. Ҳайвон эгаси 1992 йилда туғилганини айтди, аммо бизда буни тасдиқлаш ёки рад этиш учун ҳеч қандай маълумот йўқ”, – деб ёзади SIAC координатори Эурико Кабрала мактубида.

Итнинг ҳурматли ёши ёки унинг собиқ эгасининг алдаганлиги тўғрисида ишончли далил йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки барча шубҳалар итнинг қолдиқлари кремациялангандан кейин туғилган.

Сўнгги хабарлар