БМТнинг экологик саммитида муҳим келишувга эришилди

Канаданинг Монреал шаҳрида бўлиб ўтган БМТ конференциясида икки ҳафталик музокаралардан сўнг табиатни муҳофаза қилиш бўйича тарихий келишув қабул қилинди. COP15 саммитида иштирок этувчи 200 га яқин давлат 2030 йилгача сайёра юзасининг камида 30 фоизини махсус муҳофаза қилиш бандини ўз ичига олган якуний резолюцияни қўллаб-қувватлади.
Бундан ташқари, биохилма-хилликни муҳофаза қилишга кўпроқ маблағ ажратиш режаси тузилди. Ривожланган давлатлар 2025 йилгача қашшоқ мамлакатларга тахминан 20 миллиард АҚШ доллари (18,8 миллиард евро) ажратиши керак.
Конференцияга раислик қилаётган Хитой ўша куни якуний декларация лойиҳасини тақдим этди ва кейинроқ Конго Демократик Республикасининг эътирозларига қарамай, глобал келишув қабул қилинганлигини эълон қилди. Африка давлати вакиллари бу ҳужжатни қўллаб-қувватлай олмаслигини билдирди.
Германиянинг атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш, ядро хавфсизлиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Штеффи Лемке COP15 декларациясини турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш йўлидаги «жасоратли қадам» деб атади.
«Табиатни ҳимоя қилиш орқали биз ўзимизни ҳимоя қиламиз ва болаларимиз учун соғлом муҳитни таъминлаймиз», - деди Лемке Монреалда.
Германиянинг «яшиллар» партияси вакилининг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб пестицидлардан фойдаланиш билан боғлиқ одамлар ва атроф-муҳит учун хавфларни икки баравар камайтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳар йили атроф-муҳитга зарар етказадиган 500 миллиард долларлик субсидияларни бекор қилиш режалаштирилган, дея қўшимча қилди Штеффи Лемке.
Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF) ҳам бу қарорни олқишлади. Мутахассисларнинг фикрича, шу асрнинг охирига келиб ер юзида 1 миллионга яқин тур йўқолиши мумкин.
15-чи Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш бўйича саммити (COP15) 2020 йилда Хитойда ўтказилиши керак эди, бироқ пандемия сабабли қолдирилди. Учрашувнинг биринчи қисми октябр ойида Хитойнинг Куньмин шаҳрида видеоконференция орқали ўтказилди. Конференциянинг иккинчи қисми 7 декабр куни Монреалда очилди.