БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқ шимолидаги тинч аҳоли ўлимига олиб келган ҳужумни қоралади
20 июл куни Захо сайёҳлик курортининг артиллериядан ўққа тутилиши натижасида 9 киши ҳалок бўлди, яна 23 киши яраланди. Дам олиш маскани ироқликлар учун машҳур дам олиш масканидир. У мамлакат шимолида, Ироқ Курдистонидаги Даҳук вилоятида, Туркия чегараси яқинида жойлашган.
Ироқ расмийлари Туркияни курортга ҳужум қилишда айблади, бироқ Анқара зарба берилгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
Шундан сўнг Бағдод ҳалокатли ҳужум муносабати билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилди.
«Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамда Ироқ ва Ироқ Курдистони ҳукуматига чуқур ҳамдардлик билдирадилар», — дейилади Хавфсизлик кенгаши баёнотида.
БМТ Ироқ расмийларини терговда тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва «жабрланганларнинг тез ва тўлиқ соғайиб кетишини» тилади.
Хавфсизлик Кенгаши барча аъзо давлатларни «бу терговларни қўллаб-қувватлаш учун Ироқ ҳукумати ва бошқа барча тегишли органлар билан фаол ҳамкорлик қилишга» чақирди.
«Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Ироқнинг мустақиллиги, суверенитети, бирлиги, ҳудудий яхлитлиги, демократик жараёнлари ва фаровонлигини қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқладилар», — дейилади баёнотда.
Ҳужум ортидан Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва ҳужум ортида ким тургани ҳақидаги «ҳақиқатни очиш учун ҳар бир қадамни қўйишга» тайёр эканини қўшимча қилди.
Бу воқеа Ироқда норозиликларга сабаб бўлди. Айрим вилоятларда Туркияга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Бағдоддаги Яшил ҳудуддаги Туркия элчихонаси қаттиқ қўриқланди ва Ироқ хавфсизлик кучлари уни ҳимоя қилиш учун бетон тўсиқлар ўрнатишга киришди. Шунингдек, Ироқ вилоятларида Туркия виза марказлари фаолияти тўхтатилгани ҳақида ҳам маълум қилинган.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг Бағдоддаги элчисига норозилик нотасини топширди. Унда Ироқ расмийлари Туркиядан Бағдоддан расман узр сўрашини ва қуролли кучларини Ироқнинг барча ерларидан олиб чиқиб кетишни талаб қилган. Айни вақтда Ироқнинг Туркиядаги муваққат ишлар вакили Бағдодга маслаҳатлашиш учун чақирилди.
Душанба куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳужум «террорчилар» томонидан амалга оширилгани ва Туркия-Ироқ муносабатларига путур етказишни мақсад қилганини айтди.
«Туркия НАТО бўйича иттифоқчилари, жумладан, АҚШ, шунингдек, Ироқ расмийларини ҳужум бўйича ўз позицияси ҳақида хабардор қилди», — дея қўшимча қилган Туркия раҳбари Ироқни курд жангариларининг ташвиқотига берилмасликка чақирди.
«Туркия кучлари Анқара томонидан террорчи гуруҳлар деб ҳисобланган Курдистон Ишчи партияси ва Сурия курдларининг YPG жангариларининг тақиқланган жангариларига қарши ҳукуматнинг аксилтеррор операциялари доирасида ҳудудда ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда. Курдистон Ишчи партияси Туркияга қарши 1980 йилларнинг ўрталарида ҳарбий амалиётлар бошлаган», — деб хабар қилди UN News БМТнинг Ироққа ёрдам кўрсатиш миссиясига таяниб.
Фото: АFP/ТheNationalNews
Муаллиф: Арсен Ўтешев