Бир оила чет элда дам олиш учун қанча сарфлайди

ASTANA. Kazinform — Ёз мавсумида туризм соҳаси жонланади. Сўров ортиши билан бирга нархлар ҳам кўтарилади. Қозоғистондаги йирик туроператорлар таклифлари таҳлил қилинганда, тўрт кишидан иборат бир оила (икки катта ва икки бола) учун 7 кечалик тур нархи аниқланди. Kazinform мухбири Алмати шаҳридан бошланадиган турлар нархини ўрганди.

Сколько стоит отпуск за границей для семьи из Казахстана летом 2026 года
Фото: Kazinform / ИИ

Турмаршрут нархини ҳисоблаганда энг арзон таклиф танлаб олинди. Бу суммага авиачипта ва меҳмонхонада яшаш хизмати киради. Шунингдек, фақат нонушта ҳисобга олинган. Агар уч маҳал иссиқ овқат қўшилса, нарх янада ошади. Оилавий дам олиш йўналишлари рейтинги (энг арзони ва энг қиммати) қуйидагича:

Грузия (850 минг тенгеден бошлаб) — энг арзон йўналиш. Бу мамлакат яқин жойлашгани учун парвоз вақти қисқа. Шунингдек, тўғридан-тўғри рейслар кўп ва арзон меҳмонхоналар етарли. Бироқ туристлар овқатланиш харажатларини ўзлари қоплашади.

Миср (920 минг тенгеден бошлаб) ва Туркия (990 минг тенгеден бошлаб) — қозоғистонликлар орасида энг машҳур чартер йўналишлардан бири. Энг арзон вариантларида ҳам «ҳаммаси киритилган» хизмати бўлиши мумкин. Лекин яшаш жойи денгиздан узоқроқда жойлашган уч юлдузли меҳмонхона бўлади. Оилавий дам олиш учун мос беш юлдузли меҳмонхона ва сифатли All Inclusive тизимини танласангиз, йўлланма нархи тахминан 1,5–2 баробарга ошади.

Вьетнам (1,05 млн тенгеден бошлаб) ва Таиланд (1,15 млн тенгеден бошлаб) — узоқ ва транспорт харажати юқори бўлган йўналишлар, яъни қозоғистонликлар учун дам олиш қимматроқ тушади. Асосий турпакетга фақат нонушта киради. Шунинг учун тушлик ва кечки овқатни туристлар ўзлари тўлайди.

Мальдив ороллари (2 млн тенгеден бошлаб) ва Бали (2,35 млн тенгеден бошлаб) — энг қиммат ва премиум тоифадаги курортлар. Тўрт киши учун авиачипта (Балига кўп ҳолларда бир неча марта алмаштириб учишга тўғри келади) умумий бюджетнинг 70 фоизини ташкил этиши мумкин. Мальдивда фақат нонушта киритилгани учун меҳмонхона ҳудудидаги қиммат ресторанларга қўшимча тўлов қилишга тўғри келади. Бу ҳолда умумий харажат икки баробаргача ошиши мумкин.

Сколько стоит отпуск за границей для семьи из Казахстана летом 2026 года
Фото: Kazinform

Йўлланма нархи болалар ёшига қараб ўзгаради. Кўплаб меҳмонхоналар 6-12 ёшгача бўлган болаларга чегирма таклиф қилади. Агар болалар ўсмир бўлса, улар катталар каби тўлиқ тур нархини тўлайди, яъни сафар қимматлашиши мумкин.

Шунингдек, арзон турни танлаган оила қўшимча харажатларга тайёр бўлиши керак. Улар қаторига аэропортдан меҳмонхонагача бўлган трансфер, мажбурий тиббий суғурта, курорт тўлови (Бали ва Мальдивда), шунингдек кўнгилочар харажатлар киради.

Мутахассислар харажатни камайтириш учун йўлланмани бир неча ой олдинроқ банд қилишни тавсия қилади. Чунки июль–август ойларида арзон оилавий тур топиш қийин. Баъзан нархлар кескин арзонлаштириб таклиф этилади. Бундай ҳолда қулай номерлар тезда сотилиб кетади.

Айтиш жоизки, бу нархлар июнь ойида ҳисобланган. Валюта курслари ва авиакомпания тарифлари ҳам йўлланманинг умумий қийматига бевосита таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда ички туризмга ҳам талаб юқори. Ўтган йили Қозоғистонда жойлаштириш муассасалари сони 4 482 тага етди, уларнинг умумий сиғими эса 232 мингдан ортиқ ётоқ ўрнини ташкил этди.