Binance бош директори истеъфога чиқди
Binance криптовалюта биржасининг бош директори Чанпэн Чжао истеъфога чиқди. Унинг ўрнига минтақавий бозорларнинг собиқ раҳбари Ричард Тенг тайинланди. Бу ҳақда Kazinform ТАСС агентлигига таяниб хабар беради.

"Бугун Binance бош директори лавозимидан истеъфога чиқдим... Мен баъзи хатоларга йўл қўйдим ва жавобгарликни ўз зиммамга олишим керак. Бу ҳамжамият учун ҳам, мен учун ҳам тўғри қадам”, - деди Чжао Х ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
У компанияга “керак бўлса” маслаҳат беришга тайёрлигини таъкидлади.
21 ноябрда The Wall Street Journal журнали Чанпэн Чжао истеъфога чиқиши ҳақида хабар берди.
Binance криптовалюта биржаси рақамли активлар савдоси бўйича дунёдаги етакчи тизимдир. У 2017 йилда хитойлик Чанпэн Чжао томонидан ташкил этилган. 2021 йилда Хитой ҳукумати Binance веб-сайти ва мобиль иловасини блоклади, бу ҳукуматнинг криптовалюта транзакция хизматларини таклиф қилишга қарши курашишда яна бир қадам бўлди.