Беруний номидаги ЮНЕСКО–Ўзбекистон мукофоти таъсис этилди

TASHKENT. Kazinform - Парижда ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 220-сессияси бўлиб ўтди. Унда аъзо мамлакатлар бир овоздан “Сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Беруний номидаги ЮНЕСКО–Ўзбекистон мукофоти”ни таъсис этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Беруний номидаги ЮНЕСКО–Ўзбекистон мукофоти таъсис этилди
Фото: UzA

 

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сунъий идрокни ривожлантиришда ахлоқий жиҳатларни тарғиб этиш ва бу борадаги илмий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида илгари сурилган.

Беруний мукофоти инклюзивлик ва маданий хилма-хилликка алоҳида эътибор берган ҳолда сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги изланишларни рағбатлантиришга қаратилган. Бу Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний илмий меросини халқаро миқёсда оммалаштиришда муҳим қадам бўлади.

Бу сунъий идрок одоб-ахлоқи соҳасидаги ютуқлар учун бериладиган БМТ тизимидаги илк халқаро мукофот саналади. У ҳар икки йилда бир маротаба уч нафар ғолибга топширилади. Тақдирлаш сунъий идрок соҳасидаги илмий тадқиқотларни юксалтирувчи ва ахлоқий тамойилларнинг амалда қўлланилишини намойиш этувчи лойиҳа ва ташаббуслар учун амалга оширилади. Ғолибларга пул мукофоти, сертификат ва медал топширилади.

Мукофотнинг илк тақдимоти 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

Ғолиблар сунъий идрок соҳасидаги етакчи мутахассислардан иборат мустақил халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади.

Ушбу мукофот сунъий идрокни ишлаб чиқишда нафақат ахлоқий ёндашувларнинг муҳимлигига урғу беради, балки жаҳоншумул чақириқларга ечим топишга йўналтирилган халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янада кенг қамровли саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.

Сўнгги хабарлар