Бангкокда 14 ёшли ўсмир отишма уюштирди: уч киши ҳалок бўлди
Таиланд пойтахти Бангкокдаги «Сиам Парагон» савдо марказида содир бўлган отишмада уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Kazinform BBC ахборот агентлигига таяниб хабар беради.
Ҳодиса оқибатида яна 4 киши жароҳатланган. Улар орасида чет эл фуқароси ҳам бор.
Ҳужум қилишда гумон қилиниб, 14 ёшли ўсмир қўлга олинди ва полицияга топширилди.
Тахминларга кўра, у тўппончадан ўқ узган.
Ҳозирча ҳужумга нима сабаб бўлгани маълум эмас.
Бош вазирнинг айтишича, вазият назорат остида.
Бунга қадар ижтимоий тармоқларда савдо марказига ташриф буюрувчилар югуриб чиқиб кетгани акс этган кадрлар тарқалган эди.
Савдо маркази зудлик билан эвакуация қилинди ва яқин атрофдаги «Сиам» метро бекати ҳам ёпилди.
Интернетда савдо маркази ичида олинган видеолар пайдо бўлди. Улардан бирида тўртта ўқ овозига ўхшаш баланд овоз одамлар билан тўла мажмуада аниқ эшитилди.
Бош вазир Сретта Тависин қурбонлар ва уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Таиландда бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ ўқотар қуроллар мавжуд бўлса-да, оммавий отишмалар кам учрайди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида шимоли-шарқдаги Нонг Буа Лампху провинциясидаги болалар марказида собиқ полициячи камида 37 кишини ўлдирган, уларнинг аксарияти болалар эди.
2020 йилда Накхонратчасимада аскар 29 кишини ўлдирган ва яна ўнлаб одамларни яралаган.