Астанада Минтақавий экологик саммит бошланди
ASTANА. Кazinform – Бугун Астанада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида “Барқарор келажак учун умумий қараш” мавзусидаги Минтақавий экологик саммит (RES) бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этмоқда.

RES иши давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис билан бошланди.
Бундан ташқари, катта аҳамиятга эга бўлган саммитда БМТ агентликлари, етакчи халқаро ташкилотлар (ЕХҲТ, ИҲТ, ЕХҲТ, ЖСТ, ШҲТ, ЕИК, ИСEСCО, ОҲИЧК ва бошқалар) ва молия институтлари (ОТБ, ЕТТБ, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки) вакиллари иштирок этмоқда.

Ушбу тадбир Марказий Осиё мамлакатларида экотизимлар, сув ва ер ресурсларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, шунингдек, биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича комплекс сиёсат ва механизмларни ишлаб чиқишга қаратилган.
RES Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган. Шунинг учун, бу экологик муаммоларни енгиб ўтишга минтақавий ёндашувни акс эттирувчи қўшма ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган биринчи кенг кўламли тадбирдир. Ушбу муаммолар ҳукуматлар, халқаро ва молиявий ташкилотлар, шунингдек, илмий ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни талаб қилади.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, саммитга бир қатор мамлакатлардан расмий делегациялар келиши тасдиқланди. Улар орасида Озарбайжон, Арманистон, Афғонистон, Беларусь, Италия, Германия, Грузия, Камбоджа, Хитой, Мўғулистон, Россия, Сербия, Словакия, Хорватия ва Япония бор. Бу RES платформасидан турли масалалар бўйича бир қатор икки томонлама музокаралар учун фойдаланиш имконини беради.
RES дастури 58 та тадбирни ўз ичига олади. Улардан 17 таси юқори даражадаги, тўрттаси Марказий Осиё бўйича мамлакат сессиялари ва 37 таси давра суҳбатлари, конференциялар ва семинарлар форматидаги тематик учрашувлардир.
RES дастурига БМТ тузилмасида Халқаро сув ташкилотини ташкил этиш бўйича маслаҳатлашувлар ҳам киради. Унда БМТга аъзо давлатларнинг сув хўжалиги идоралари раҳбарлари, БМТнинг сув мандатини амалга оширувчи агентликлар ва илмий-тадқиқот институтлари иштирок этади.

Якуний ҳужжатлар қаторида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг "Марказий Осиёда экологик ҳамкорлик" қўшма декларациясини ҳам таъкидлаш жоиз. Ушбу ҳужжат экологик барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга сиёсий иродани намойиш этади. Шунингдек, БМТ агентликлари билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган қўшма Минтақавий ҳаракатлар дастури тақдим этилади.
— Саммит доирасида жами 51 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Улар орасида 13 та меморандум, 16 та қўшма баёнот, келишув ва декларациялар, 16 та минтақавий ва мамлакат ташаббуслари, шунингдек, 6 та инвестиция лойиҳалари бор. Саммитнинг муҳим қисми Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон кузатувчи мамлакат сифатида миллий павилёнлари намойиш этиладиган RES 2026 EXPO халқаро "яшил" технологиялар кўргазмаси бўлади. Қозоғистон миллий павильонида биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасидаги ютуқлар, жумладан, қулон, кийик ва Турон йўлбарси популяциясини сақлаш, Шимолий Орол денгизини тиклаш лойиҳалари, илмий ечимлар ва "Тоза Қозоғистон" дастури натижалари намойиш этилади, — дейилади саммит ахборотида.

Қозоғистон экспозициясида ресурсларни бошқаришнинг интеллектуал тизимлари ва "ақлли" экологик ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. RES 2026 EXPО 2026 йил 22 24-апрель кунлари бўлиб ўтади ва 30 мамлакатдан тахминан 300 та компания иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, RES 2026 саммити: бир нечта давлат раҳбарлари Астанага етиб келишди.