Астана шаҳрида AI & Digital Bridge 2026 халқаро IТ форуми бўлиб ўтади

ASTANА. Кazinform — Жорий йилнинг 1-3 октябрь кунлари Астана шаҳри Марказий Евроосиёдаги энг йирик технология тадбири — AI & Digital Bridge 2026 халқаро форумига мезбонлик қилади.

AI & Digital Bridge 2026
Фото: ҚР Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги

Қозоғистон Республикаси Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, илгари Digital Bridge номи билан танилган форум янгиланган форматда ўтказилади ва Қозоғистоннинг сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги устуворликларини аниқ намойиш этади.

AI & Digital Bridge форуми етакчи технология компаниялари, тадбиркорлар, инвесторлар, тадқиқотчилар ва давлат муассасалари вакилларини рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва инновацион иқтисодиётнинг келажагини муҳокама қилиш учун бирлаштиради.

Форумнинг расмий дастуридаги стратегик тадбирлардан бири Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгашининг йиғилиши бўлади. Йиғилишда мамлакатда АI экотизимини ривожлантириш, сунъий интеллект соҳасидаги миллий сиёсатни амалга ошириш ва янги рақамли иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилади.

Форум дастурининг анъанавий ва энг кутилган қисмларидан бири — Astana Hub Battle халқаро стартап танлови. Бундан ташқари, сунъий интеллект соҳасида янги номларни таниб олишга ёрдам берадиган кенг кўламли халқаро танлов ўтказилади. Ёш IТ жамоалари учун бу ўз ғояларини тақдим этиш ва лойиҳаларини ривожлантириш учун қўллаб-қувватлаш топиш учун муҳим платформа бўлади.

Бугунги кунда AI & Digital Bridge минтақадаги етакчи технология тадбирларидан бирига айланди. Сўнгги етти йил ичида форумда 100 мамлакатдан 127 мингдан ортиқ киши иштирок этди, 1500 дан ортиқ маърузачилар ўз ғояларини илгари суришди ва 600 дан ортиқ стартаплар дунёга тақдим этилди.

Форум доимий равишда ривожланиб бормоқда ва бу йил бюджет маблағларини жалб қилмасдан ташкил этилади.

Ташкилотчилар: Қозоғистон Республикаси Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги, Astana Hub халқаро инновация кластери ва Астана шаҳар ҳокимлиги.

Ўтказилиш жойи: EXPO халқаро кўргазма маркази.

Эслатиб ўтамиз, Астанада Digital Bridge 2025 халқаро технология форуми бўлиб ўтган эди.

Сўнгги хабарлар