Анқарада Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон вазирлари мулоқот ўтказди

TASHKENT. Kazinform - Анқарада Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжоннинг ташқи ишлар, савдо-иқтисодиёт ва транспорт вазирлари иштирокида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

 Анқарада Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон вазирлари мулоқот ўтказди
Фото: ЎР ташқи ишлар вазирлиги

Иккинчи бор ташкил этилган мазкур йиғилишда Ўзбекистон номидан ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов иштирок этди.

“Тадбирда ташқи сиёсат, минтақавий, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини кенгайтириш, кўп тармоқли транспорт тизимини ривожлантириш ҳамда коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўтарилди”, — дейилади хабарда.

Вазирлар кун тартибидаги мавзулар юзасидан маъруза қилди.

Бундай форматдаги учрашувларнинг биринчиси 2022 йил 2 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган эди. Уч қардош давлат замонавий эврилишлар шароитида Осиё ва Европани боғлайдиган тарихий Ипак йўли бўйлаб алоқаларни мустаҳкамловчи лойиҳалар муҳокамаси учун умумий платформа ташкил қилган.

Йиғилишда божхона амалиёти ва қонунчилигини уйғунлаштириш, электрон хизматдан янада кенгроқ фойдаланиш, самарадор ва ўзаро манфаат тамойилига асосланган савдо йўлидаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Форум доирасида Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан учрашув ҳам ўтказди. Мулоқот давомида ўзаро муносабатлар, жумладан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш имконияти, минтақадаги мавжуд вазият муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистон сенатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик янада ривожланиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар