Андижонда Марказий Осиё ёшлари учун «Digital Valley» оромгоҳи ташкил этилди

Маълум қилинишича, мазкур объект «Digital City» технопарки, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси ҳамкорлигида, Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги кўмагидаги қўшма ташаббус маҳсули.
Оромгоҳ БМТ Бош котиби Тинчлик ўрнатиш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» номли лойиҳасини амалга ошириш доирасида фаолият юритиши айтилмоқда.
Андижонда ўтказилаётган «Digital Valley» ахборот технологиялари оромгоҳининг асосий мақсади – Фарғона водийси ва қўшни мамлакатлар ёшлари ўртасида ахборот технологиялари соҳасига умумий қизиқиш асосида дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Беш кунлик дам олиш таътилида ахборот технологиялари соҳасидаги экспертлар ва маҳорат усталари амалий машғулотлари ёрдамида талабаларга бўлажак касбни эгаллаш усулларини ўргатади. Оромгоҳнинг ўқув дастури турли мавзулар, жумладан, рақамли технологияларга кириш, иловалар веб-ишланмаси, рақамли маркетингдан иборат.