Алмати вилоятида 400 гектар олма боғлари барпо этилади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Қанат Бозимбаев Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
«Умумий қиймати 75 миллиард тенгелик 47 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Хусусан, импорт ўрнини босиш доирасида «Примаковск» компаниясининг йилига 36 минг тонна гўшт етиштирувчи паррандачилик фермаси қурилмоқда. Инвестициялар ҳажми - 34 млрд тенге. Минг гектар майдонда интенсив боғ яратиш бўйича 33 миллиард тенгелик лойиҳа амалга оширилмоқда. 6 минг тонналик мева омбори қурилди. Бундан ташқари, жорий йилда 11,4 минг тонна сиғимга эга 4 та мева сақлаш омборини ишга тушириш режалаштирилган. 34 миллиард тенгега мева кластери инфратузилмаси қурилмоқда», - деди вилоят ҳокими.
Унга кўра, вилоятда сабзавотчиликни ривожлантиришга қаратилган бир қанча лойиҳалар амалга оширилади.
«Йил давомида сабзавот етиштиришга ўтиш учун 407 гектар майдонда саноат иссиқхонаси ишга туширилади. Шу тариқа вилоятда иссиқхона сабзавотини етиштириш 35 минг тоннага етказилади. Ички бозорни олма билан таъминлаш мақсадида вилоятда 400 гектар майдонда янги боғ барпо этилади. Қайта ишлаш корхоналари қувватини максимал даражада ошириш мақсадида 15 та озиқлантириш майдончаси ва 3 та товар сут фермаси ташкил этишни режалаштирганмиз. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 1 400 минг тонна ғалла, 1 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 742 минг тонна картошка йиғиштириб олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, гўшт етиштириш 3,9 фоизга, сут ишлаб чиқариш 2,5 фоизга, тухум етиштириш 4,9 фоизга ошади», - деди Қанат Бозимбаев.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай