Алихан Смаилов Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан танишди
Жиноятларнинг олдини олиш ва фош этишда замонавий технологиялардан фойдаланиш, умумий ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш, янги ўқув йили арафасида мактабларда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари билан танишди.
Вазирлик раҳбари Марат Ахметжановнинг маълум қилишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан республика шаҳарлари кўчалари ва жамоат жойларида «тўлиқ ёритиш» тамойили асосида видеокузатув жорий этилмоқда.
Йил бошидан буён ички ишлар органларининг тезкор бошқарув марказлари (ТБМ)даги видеокамералар ёрдамида 6 мингта жиноят, 2,7 миллион йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ва 312 минг бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Натижада жорий йилда Қозоғистонда жиноятчилик 17 фоизга камайган.
«Рақамлаштириш орқали тегишли давлат хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш мумкинлигига кўп бор гувоҳ бўлдик. Натижада меҳнат унумдорлиги ошиб, коррупция фактлари камайиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳам рақамли технологияларни жорий этиш орқали яхши натижаларга эришмоқда. Энди бу ишларни босқичма-босқич ҳудудларда амалга ошириш зарур», – деди Алихан Смаилов.
Шунингдек, Ҳукумат раҳбари мактабларда хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар билан ҳам танишди.
Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбари «Рақамли полиция» лойиҳаси доирасида харид қилинган янги видеожетонлар ишига баҳо берди.
Шунингдек, Бош вазирга полицияга йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни аниқлашда ёрдам берувчи «Қорғау» тизимининг хусусиятлари ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Алихан Смаилов оиладаги зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш чора-тадбирлари ижроси, миграция соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижалари, интернетдаги фирибгарликка қарши курашиш бўйича CyberPol лойиҳаси билан танишди.
Шу билан бирга, кадрлар билан ишлаш жараёнларини автоматлаштириш, фавқулодда вазиятлар хизмати, жамоат тартибини сақлаш ва умумий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар натижалари муҳокама этилди.