Ақжан – Буюк даштининг маданий феномени
ASTANA. Kazinform – Астана тупроғида туғилган Ақжан номли бия бир ёшдан ошди. Ғанатли ва Табис исмли туркманнинг соф қонли аҳалтакаларидан туғилган наслдор қулуннинг сурати ижтимоий тармоқларда от гўзаллигининг рамзи сифатида кенг тарқалмоқда.
Ақжан – ноёб изабелла тусли отлар қаторига киради. Унинг жуни ўзига хос оптик хусусиятга эга: жуда нозик толалари ёруғликни синдириб, атлассимон, деярли афсонавий ялтироқлик ҳосил қилади. Дашт маданиятида изабелла тусли тулпор азалдан эзгу аломат, омад ва фаровонлик элчиси сифатида қадрланган. Бу бежиз эмас, чунки бундай тус ҳатто аҳалтакалар орасида ҳам жуда кам учрайди.
Маданиятшунос Асель Никамбекованинг таъкидлашича, қозоқ халқи учун от ҳеч қачон шунчаки ҳайвон бўлмаган. У кўчманчи ҳаётнинг ажралмас ҳамроҳи, бутун бир цивилизациянинг таянчи, куч-қувват ва илҳом манбаи ҳисобланган.
“Давлатчиликни ифодаловчи рамзлар ҳақида гап кетганда, бу ерда асосан қадимги туркий мифология устунлик қилади. Қозоқ маданияти кўчманчи ва ўтроқ ҳаётнинг турли тарихий босқичларини босиб ўтган. Ботай маданиятининг археологик илмий мажмуаси ҳамда Серикбол Қондийбайнинг илмий асарларида «от культи» қозоқ маданиятининг бош рамзи сифатида талқин этилади”, — дейди маданиятшунос.
Қадимги Шумер цивилизациясидан ҳозирги кунгача қозоқ маданияти ва билимларининг қандай ривожланганини чуқур ўрганган Серикбол Қондибай ўзининг "Қозоқ мифологиясига кириш" асарида "афсонавий от" тушунчасини келтиради. Унинг фикрича, от кўчманчи цивилизацияни белгиловчи асосий омил бўлган.
«Халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарида от самовий жисмларга ном бериш, вақтни ўлчаш ва шифо маросимларини бажариш учун ишлатилган. Менинг фикримча, қозоқ мифологик билимларида отнинг асосий қиймати - давлатчилик, Ватанни ҳимоя қилиш ва халқ бирлигидир. Иляс Есенберлиннинг «Олтин отлар уйғонади», Мухтар Мағауиннинг «Жуйрик» ва Ақселеу Сейдимбекнинг «Қозоқ дунёси» асарларида от қозоқ халқининг ахлоқий ва инсоний қадриятлар тизимида олтин устун сифатида ҳам таърифланади”, - дейди Асел Никамбекова.
Айнан қозоқлар — Марказий Осиёнинг қадимги қабилаларидан таралган авлодлар — отни биринчи бўлиб эгарлаган халқ сифатида эътироф этилади. Милоддан аввалги IV минг йилликка оид Ботай маданияти археологик топилмалари шуни ишончли тарзда кўрсатадики, айнан ҳозирги Қозоғистон ҳудудида инсон биринчи марта отни қўлга ўргатган, ундан мингаш ва хўжалик эҳтиёжлари учун фойдалана бошлаган.
Бу кашфиёт инсоният тарихида бурилиш ясаб, цивилизациялар тараққиёти ва эволюцияси йўналишини тубдан ўзгартирди. Ҳеч бир бошқа ҳайвон инсон ҳаётига отчалик кучли таъсир кўрсатмаган. От одамларга тезлик ва ҳаракатчанлик бағишлади, уларнинг дунёқарашини кенгайтирди, савдо-сотиқни ривожлантириш, ҳарбий юришларни амалга ошириш ва улкан ҳудудларни бирлаштириш имконини берди.
Қозоғистон тоғларида топилган петроглифлар ва қоятош тасвирларида ов манзаралари, маросимлар ҳамда ҳарбий воқеалар акс эттирилган бўлиб, уларнинг барчасида от марказий ўринни эгаллайди. Бу қадимий тасвирлар ўзига хос тарихий солнома бўлиб, от дашт халқлари ҳаётининг, уларнинг мифологияси ва дунёқарашининг ажралмас қисми бўлганини яққол намоён этади.
“Осмон тулпорлари” меросхўри ва аҳалтакаларнинг бевосита авлоди бўлган Ақжан минг йиллик анъаналарнинг тирик давоми ҳисобланади. Унинг тимсолида тошларга муҳрланган қадимий рамзлар билан замонавий шаҳар маданияти қадриятлари уйғунлашган. У от шунчаки ҳайвон эмас, балки инсоннинг цивилизация сари босиб ўтган йўлидаги содиқ ҳамроҳи, табиат ва жамият ўртасидаги уйғунлик рамзи эканини эслатади.
Шу боис Ақжан нафақат ноёб соҳибжамол тулпор, балки ўтмиш афсоналари ва бугунги кун интилишларини ўзида мужассам этган, Астананинг янги рамзига айланиш салоҳиятига эга маданий феномен сифатида қабул қилинади.
«Покиза руҳ» маъносини англатувчи Ақжан номи ҳам муҳим рамзий мазмун касб этади. У нафақат шеърий оҳангга, балки пок ният, қонунийлик ва жамоат тартибига ҳурмат ғоялари билан боғлиқ чуқур маданий маънога эга.
Замонавий шаҳарлар ва бутун жамият жадал суръатларда ривожланаётган бугунги шароитда ушбу тимсол янада долзарб аҳамият касб этади. У ҳақиқий мегаполис қудрати фақат муҳташам меъморий иншоотлар ёки иқтисодий ўсишда эмас, балки унинг аҳолиси муштарак қадрлайдиган маънавий қадриятларда ҳам мужассам эканини эслатади.
Ақжан тартиб-интизом ва адолатга интилиш, умумий маконга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ғояларини ифода этади. Унинг «Покиза руҳ» деган номи эса келажакни ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида барпо этишга даъватдир.