Ақтау портига янги нефть танкерлари келтирилди
Манғистаудаги Халқаро денгиз савдо портига янги танкерлар келтирилди. “Тараз” ва “Liwa” номли кемалардан нефтни ташишда фойдаланилади. Ақтау портида кемаларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

Танкерлар “ҚазМунайГаз” миллий компанияси акциядорлик жамияти ва Abu Dhabi Ports Group ҳамкорлиги доирасида харид қилинган. Янги танкерлар «Қазақтеңізкөлікфлоты» қўшма корхонаси ва International Maritime Investments Ltd. компания томонидан биргаликда ташкил этилган корхонага тегишли.
Сув транспорти 8 минг тоннагача нефтни ташишга қодир. Танкерлар Нидерландиянинг «Damen» концернининг кемасозлик заводида қурилган. Уларнинг ҳар бирининг узунлиги 140 метр, кенглиги 16,7 метр, тортилиши 4,2 метр, тезлиги 10 тугунни ташкил этади. Иккала танкер ҳам барча халқаро хавфсизлик стандартлари ва атроф-муҳит талабларига жавоб берадиган илғор бошқарув тизимлари билан жиҳозланган.

Кемаларни қабул қилиш тадбирига Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Ноғаев, “ҚазМунайГаз” МК” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мағзум Мирзағалиев, Бирлашган Араб Амирликларининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Муҳаммад Саид Ал-Арики, ADP бошқаруви раиси Муҳаммад Жуму Аш-Шамиси, «Қазақтеңізкөлікфлоты» МЧЖ бош директори Айдар Оржанов ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирда ҳар икки давлат мадҳиялари янгради, кемаларни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.
Танкерларни декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойидан бошлаб Қозоғистон нефти Ақтау-Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналиши бўйича йилига 1,5 миллион тонна миқдорида жўнатила бошланди. Қозоғистон ва Озарбайжон паритет асосида нефтни Ақтау-Боку денгиз йўли бўйлаб ташийди. Янги танкерлар эса Қозоғистон томонига йилига 750 минг тонна нефть ташиш мажбуриятини тўлиқ бажариш имконини беради.