АҚШ сенатори Тоқаевга икки давлат муносабатларини муҳокама этиш имконияти учун миннатдорчилик билдирди
Давлат раҳбари сенаторга ҳурматини изҳор этиб, унинг ташрифи икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
«Америка Қўшма Штатлари глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш, ядро қуролини тарқатмаслик, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва демократик қадриятларни илгари суриш борасида доимо мамлакатимизнинг стратегик ҳамкори саналиб келган. Ўйлайманки, биз кўп нарсага эришдик. Бироқ биз ҳар икки давлат манфаатига мос бўлган соҳаларда ўзаро ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш йўлида олға интилишимиз керак», – деди ҚР Президенти.
Суҳбат чоғида Қасим-Жомарт Тоқаев АҚШ Президенти Жо Байденни жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси майдонида «C5+1» форматида бўлиб ўтадиган АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи саммитига таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Гэри Питерс Қасим-Жомарт Тоқаевга АҚШ ва Қозоғистон муносабатларига оид асосий масалаларни муҳокама этиш имконияти учун миннатдорчилик билдирди.
«Марказий Осиё дунёнинг муҳим қисми, Қозоғистон эса Марказий Осиё минтақасидаги асосий давлатлардан бири. Шундай қилиб, биз келажакда ҳамкорлик қилиш имкониятига эга эканлигимизга ишонч ҳосил қилишни хоҳлаймиз. Ўйлайманки, Президент Байден менинг фикримни маъқуллайди. У яқин орада сиз билан Нью-Йоркда учрашмоқчи. Бу учрашув муносабатларимизни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади», – деди АҚШ сенатори.
Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди.