АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларнинг бир гуруҳи ватанига қайтарилди

TASHKENT. Kazinform — 21 январь куни АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган шахсларни депортация қилиш мақсадида ушбу давлатнинг ваколатли идоралари томонидан яна бир чартер рейси амалга оширилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

самолёт
Фото: freepik

Ушбу рейсда Ўзбекистоннинг 44 нафар фуқароси ватанига қайтарилди.

Қайд қилинишича, чартер рейси АҚШ тегишли ҳукумат идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унинг «амалга оширилиши орқали Ўзбекистон фуқароларининг юртига хавфсиз ва ўз вақтида қайтарилиши таъминланди».

«Мазкур тадбир Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим намунасидир. Юртимиз фуқароларининг ўзга давлатларда хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни ватанига қайтариш борасидаги ҳамкорлик давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Ўтган йилнинг апрель ойида АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқароларини ватанига қайтариш мақсадида Нью-Йорк – Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси амалга оширилган эди. Унда Ўзбекистоннинг қарийб юз нафар фуқароси Тошкентга қайтарилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ТИВ АҚШдан бошқа давлатга депортация қилинган фуқаролари ҳақида маълумот сўради.

Сўнгги хабарлар