Airbus америкалик Boeing’дан ортда қолмаслик учун банкдан рекорд даражада кредит олмоқчи
ASTANA. Kazinform — Европа инвестиция банки (ЕИБ) Airbus концернига фуқаровий авиация, коинот ва мудофаа соҳаларидаги тадқиқот ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун 3 миллиард евро миқдорида кредит ажратади. Томонлар Брюсселда илк 1 миллиард евролик транш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда DW хабар беради.
ЕИБ маълумотига кўра, бу - банк тарихидаги энг йирик кредит ҳисобланади. Маблағ Германия, Франция ва Испаниядаги илмий тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини кенгайтиришга йўналтирилади. Шунингдек, маблағ Airbus’нинг фуқаровий авиация, коинот ва мудофаа йўналишларидаги лойиҳаларини ривожлантиришга сарфланади.
Банк баёнотида айтилишича, кредитнинг мослашувчан шартлари ва узоқ муддатли қайтариш жадвали Airbus’га жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини сақлаб қолиш имконини беради.
ЕИБ президенти Надя Кальвиньо Европа халқаро рақобат шароитида тез ва кенг кўламли қарорлар қабул қила олишини таъкидлади.
“ЕИБ тарихида кузатилмаган ушбу молиялаштириш Airbus компаниясига узоқ муддатли тадқиқотлар, ишланмалар ва инновацияларга сармоя киритиш учун зарур маблағ ҳамда мослашувчанликни таъминлайди. Бу нафақат фуқаровий авиация, балки хавфсизлик ва мудофаа соҳалари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга”, — деди ЕИБ вице-президенти Амбруаз Файоль AFP агентлигига.
Унинг сўзларига кўра, ажратилган маблағнинг бир қисми самолётларнинг иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
Европа Иттифоқи Хитой ва АҚШ томонидан кучайиб бораётган рақобат шароитида Европа саноатининг позицияларини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Airbus дунёдаги энг йирик самолёт ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, унинг асосий рақобатчиси - америкалик Boeing корпорациясидир.