Аида Балаева Жеки Чанни Қозоғистондаги суратга олиш ишларининг бошланиши билан табриклади
ASTANA. Kazinform — Бугун Алмати шаҳрида машҳур актёр Жеки Чан иштирокида тасвирга олинадиган Armour of God: Ultimatum («Доспехи бога: Ультиматум») халқаро бадиий фильмининг ишлаб чиқариш жараёнини расман бошлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги хабар берди.
Тантанали тадбирда ҚР Бош вазирининг ўринбосари – Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Алмати шаҳри ҳокими Дархан Сатибалди, Алмати вилояти ҳокими Марат Султанғазиев, шунингдек, Қозоғистон ва халқаро кино саноати вакиллари иштирок этди. Бош вазир ўринбосари Жеки Чаннинг Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини юксак баҳолади.
“Қозоғистон маданиятини жаҳон саҳнасида тарғиб қилиш ва икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссангиз учун Сизга миннатдорлик билдираман. Олдиндаги суратга олиш ишларида омад ва янги ижодий ютуқлар тилайман”, — деди Аида Балаева.
Учрашув давомида Жеки Чан Алматининг иқтидорли ёш рассомлари ҳамда Т. Жургенов номидаги Қозоқ миллий санъат академияси битирувчилари — ёш кинематографистлар билан суҳбатлашди. У ёшларга ижодий фаолиятида муваффақият тилаб, доимий изланиш ва ўз касбига муҳаббатнинг аҳамиятини таъкидлади. Учрашув якунида болалар машҳур актёрга ўзлари чизган портретларни совға қилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар анъанавий эсдалик учун суратга тушдилар. Шу тариқа фильм ишлаб чиқариш жараёнининг расман бошлангани эълон қилинди. Лойиҳа Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Хитойнинг давлат кинокомпанияси China Film Group Corporation кўмагида амалга оширилмоқда.
Фильмни ишлаб чиқариш билан Қозоғистоннинг Sәlem Entertainment компанияси ва Гонконгнинг Billion Target компанияси шуғулланади. Суратга олиш ишлари 2026 йил июль ойидан октябрь ойигача Қозоғистон ҳудудида бўлиб ўтади.
Картинанинг бош режиссёри — қозоғистонлик Роберт Кун.
Фильм кенг халқаро прокатга мўлжалланган. Асосий суратга олиш майдончалари Алмати шаҳри, Алмати вилояти ва Манғистау вилоятида жойлашади. Мазкур лойиҳа Қозоғистон учун стратегик ва имиж нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Уни амалга ошириш мамлакатнинг маданий, сайёҳлик ва инвестиция салоҳиятини тарғиб қилишга, кинотуризмни ривожлантиришга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда Қозоғистонни жаҳон миқёсидаги йирик кино лойиҳаларини суратга олиш учун қулай замонавий майдон сифатида кенг танитишга хизмат қилади.
Аввалроқ Манғистау вилоятида жаҳонга машҳур актёр Жеки Чан иштирокида тасвирга олинадиган «Доспехи Бога 4: Ультиматум» халқаро кинолойиҳасининг суратга олиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Геннадий Головкин Жеки Чанга чопон кийдиргани ҳақида хабар берилган эди.