AFD “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга 200 миллион евро ажратади

TASHKENT. Kazinform - Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистон Франция тараққиёт агентлиги (AFD) билан ҳамкорликда “Яшил иқтисодиёт сиёсатини кредитлаш дастури”ни амалга оширмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

AFD “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга 200 миллион евро ажратади
Фото: ЎзА

Дастур доирасида қазилма ёқилғи субсидияларини қисқартириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва экологик барқарорликка йўналтирилган солиқ ва бюджет сиёсати механизмларини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиларини кузатиш ва ҳисобот юритиш тизими жорий қилинмоқда.

AFD томонидан Ўзбекистонга молиявий ёрдам ажратилмоқда. 2022 йилда давлат бюджетига 150 миллион евро ажратилган бўлса, 2023 йилда 125 миллион евролик кредит шартномаси имзоланди. Ушбу маблағнинг 80 миллион евро қисми 2023 йилнинг ўзида, қолган 45 миллион евро эса 2024 йилда ўзлаштирилиши белгиланган. 2025-2026 йилларда эса яна 200 миллион евро миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Европа Иттифоқи ва AFD ҳамкорлигида “Яшил” иқтисодиётга техник ёрдам дастури” (GETAP) ишлаб чиқилган. Ушбу маблағларнинг 4,3 миллион евро қисми AFD гуруҳининг техник ҳамкорлик соҳасига ихтисослашган шўъба корхонаси – “Expertise France” ташкилотига йўналтирилган. GETAP дастури 2026 йилнинг охиригача давом этади ва бутун ислоҳот жараёнида доимий ёрдам кўрсатади.

“Expertise France” ташкилоти Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда AFD билан ҳамкорликда техник ёрдам кўрсатиб, “яшил” ислоҳотларнинг комплекс тарзда амалга оширилишига ёрдам бермоқда. Мазкур ташаббуслар Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва паст углеродли келажакка ўтишини тезлаштиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция компаниялари Ўзбекистонга 6,5 млрд евролик инвестиция киритмоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар