68 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган сироп: Ўзбекистонда хавфли дори сотганларга ҳукм чиқарилди

ТASHKENT. Кazinform — Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди «Док-1 Макс» препарати билан боғлиқ иш бўйича судланувчиларга ҳукм чиқарди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

«Док-1 Макс» препарати
Фото: nuz.uz

Ўзбекистон Олий судига кўра, ишни кўриб чиқаётган судья Муса Юсупов Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Қориевни айбдор деб топди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 186-3-моддаси 4-қисми “а” ва “б” бандлари (Таркибида ўлимга олиб келадиган кучли таъсир этувчи элементлар бўлган дори воситалари чакана савдоси тартибини бузиш) ва 209-модданинг 2-қисми “а” бандига асосан ҳукм чиқарди.

Унга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқи 2 йил 6 ой билан чекланиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазо муддатини ҳисоблаш 2023 йил 24 январдан (ҳибсга олинган сана) бошланади.

Унинг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Quramax Medikal МЧЖ директори бўлган Ҳиндистон фуқароси Рагвендра Пратар 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар дори таъсирида ҳалок бўлган 68 нафар бола ва оғир аҳволда бўлган 4 нафар боланинг оилаларига 1 миллиард сўмдан (35,9 миллион тенге) товон пули тўлашлари керак.

Саломатлиги ўртача бўлган жабрланувчиларга 500 миллион сўмдан (17,9 миллион тенге), тузалиб кетган 8 нафар болага 200 миллион сўмдан (7,1 миллион тенге) берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Quramax Medikal препаратини қабул қилган 18 нафар боланинг ўлимини тасдиқловчи экспертиза натижаларини эълон қилган эди.

Хусусан, Дори воситаларини синовдан ўтказиш ва стандартлаштириш давлат марказининг хулосасига кўра, «Док-1 Макс» сиропи белгиланган талабларга жавоб бермаган. Кейинчалик уни сотиш вақтинча тақиқланган.

Орадан бир неча кун ўтиб Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) гриппга қарши ҳинд дори-дармонлари қабул қилинган болаларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатди.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» препарати мамлакатда сотилмаслигини маълум қилди.

Сўнгги хабарлар