400 га яқин қозоғистонлик дипломат ноёб тилларни билади
ASTANА. Кazinform — Қозоғистоннинг 400 га яқин дипломати ноёб тилларни ўзлаштирган. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бақаев Сенатнинг ялпи мажлисида маълум қилди.
– Айни пайтда Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида 139 нафар ходим ноёб тилларни мукаммал билади, хориждаги ваколатхоналаримиздаги ноёб тилларни биладиган дипломатлар сони эса 234 нафарга етди. Хусусан, ноёб тиллар рўйхати Ташқи ишлар вазирининг буйруғи билан тасдиқланади. Ушбу рўйхатга 23 та тил қўшилди, - деди А. Бақаев депутатлар саволларига жавоб берар экан.
Бугун Сенатнинг ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига дипломатик хизмат, халқаро шартномалар ва тараққиётга расмий ёрдам масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Ҳужжат дипломатик ходимларнинг хорижий тилларни билиши учун тўловларга ўзгартиришларни назарда тутади. Амалдаги қонунчиликка кўра, дипломатик хизматга киришда чет тилларини билиш мажбурийдир, шунинг учун тўловлар фақат ноёб тилларни билиш учун амалга оширилади. Мазкур ўзгартириш республика бюджети маблағларини тежашга ҳам қаратилган.