2030 йилги қишки Олимпиаданинг мусобақалар дастури тасдиқланди
ASTANA. Kazinform — Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия қўмитаси Франция Альпларида бўлиб ўтадиган 2030 йилги қишки Олимпия ўйинларининг спорт турлари ва мусобақалар дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Дастурга чанғи спорти ва сноубордда фрирайд, шунингдек, синхронли бадиий муз учиш каби янги мусобақа турлари киритилди.
Шу билан бирга, чанғи иккикураши келгуси қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилмайдиган бўлди. Бундай қарор ушбу спорт турининг оммабоплиги, томошабинлар қизиқиши, оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ва дунё бўйлаб тарқалиш даражаси ҳар томонлама таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилинди.
Умуман олганда, ХОҚ Ижроия қўмитаси учта янги спорт йўналиши ва 16 та янги медаллар жамланмасини қўшишни маъқуллади. Ўзгаришлар биатлон, конькида тез югуриш, чанғи спорти, сноуборд ва ски-альпинизм йўналишларига тааллуқли бўлди.
Янги мусобақалар қаторига биатлон бўйича аралаш яккалик эстафета, конькида тез югуриш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги жамоавий спринт, фристайлда аралаш жамоавий ски-кросс, сноубордда параллел аралаш жамоавий баҳс, чанғидан трамплиндан сакраш бўйича аёллар жамоавий мусобақаси, шунингдек, чанғи спорти ва сноуборддаги фрирайд ҳамда синхронли бадиий муз учиш киритилди.
Аввалроқ Олимпия дастурига қўшимча спорт тури сифатида киритилган ски-альпинизм бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида яккалик баҳслар, эркаклар ва аёллар спринти ҳамда аралаш эстафета ўтказилади. Шунингдек, ХОҚ Ижроия қўмитаси сноуборддаги параллел гигант-слалом мусобақаси Олимпия дастурида сақланиб қолишини тасдиқлади.
Франция Альпларида бўлиб ўтадиган 2030 йилги қишки Олимпия ўйинлари тарихда биринчи марта спортчилар квотаси бўйича гендер тенглиги таъминланадиган қишки Олимпиада бўлади. Унда жами 3046 нафар спортчи иштирок этади: 1525 нафар аёл ва 1521 нафар эркак. Дастурда 126 та медаллар жамланмаси ўйналади: 56 таси аёллар, 55 таси эркаклар ва 15 таси аралаш мусобақалар бўйича.
ХОҚ маълумотларига кўра, чанғи иккикураши оммавийлиги ва дунё бўйлаб тарқалиш даражаси бўйича ҳали ҳам бошқа спорт турларидан орқада қолмоқда. Сўнгги тўртта қишки Олимпия ўйинларида ушбу спорт турида медаль олганлар атиги бешта миллий олимпия қўмитаси вакиллари бўлган. Шунга қарамай, чанғи иккикураши 2028 йилда IV қишки ўсмирлар Олимпия ўйинлари доирасида Доломитлар ва Вальтеллина ҳудудларида ўтказиладиган мусобақалар дастурида қолади ҳамда 2034 йилда Солт-Лейк-Ситида бўлиб ўтадиган XXVIII қишки Олимпия ўйинлари дастурига қайтиш учун номзод бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, ХОҚ Ижроия қўмитаси спорт иншоотларининг янгиланган бош режасини ҳам тасдиқлади. Ски-альпинизм мусобақалари Монженеврда ўтказилади. Бу мавжуд спорт инфратузилмасидан ва Бриансондаги Олимпия шаҳарчасидан самарали фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, Паралимпия ўйинлари ўтказиладиган спорт иншоотлари режасига Олимпия меросидан самарали фойдаланиш имконини берувчи ўзгартишлар киритилди.
Аввалроқ Александр Винокуровнинг кийими Лозаннадаги Халқаро Олимпия музейига тақдим этилгани ҳақида хабар берган эдик.