2023 йилги сайловдан кейин Ҳукумат таркиби ўзгариши мумкин – ҚР Сенат раиси

ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Сенати раиси Маулен Ашимбаев Давлат раҳбарининг келаси йилда кенг кўламли кадрлар алмашинуви бўлиши ҳақидаги баёноти юзасидан ўз фикрини билдирди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
None

Эслатиб ўтамиз, 12 декабр куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2023 йилда марказ ва жойларда кенг кўламли кадрлар ўзгаришлари амалга оширилишини айтган эди.

Шу муносабат билан М. Ашимбаев Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматга ижтимоий, инфратузилма, иқтисодий ўсиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳалар бўйича топшириқлар берганини эслатди. Шу нуқтаи назардан, Ҳукумат барча вазифалар ижросини таъминлаш, мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни янада амалга ошириш, шунингдек, Президент сайловолди дастури ижросини таъминлашга эътибор қаратиши зарур.

«Шундай экан, ким бу лавозимга муносиб ёки ким бу ишни қила олади, деган хулосага келиш мен учун ноўрин бўларди. Баҳолаш ва қарор қабул қилиш Давлат раҳбарининг ваколатидир. Президент Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. Ўйлайманки, Давлат раҳбари ўз ишини муносиб даражада бажара оладиганларни баҳолаб, тегишли қарор қабул қилади, – дея М. Ашимбаев Сенатнинг умумий мажлисидан кейин журналистлар саволларига жавоб берди.

Шунингдек, у Мажилисга сайлов 2023 йилнинг биринчи ярмида ўтказилиши режалаштирилганини айтди. Амалдаги қонунчиликка кўра, мазкур сайловдан сўнг Ҳукумат истеъфога чиқади ва янги Вазирлар Кабинети тузилади.

«Шу нуқтаи назардан, Парламентда аниқ вазирлар ва Ҳукумат аъзолари лавозимларига номзодлар муҳокама қилинади. Бунда кимнинг қолиши ва кимнинг ишлашда давом этиши уларнинг самарадорлиги ва бажарган ишларига боғлиқ бўлади. Ўйлайманки, Давлат раҳбари тегишли баҳо беради. Тегишли ўзгаришлар Мажилис сайловидан кейин бўлиши мумкин. Лекин бу ўзгаришлар Давлат раҳбарининг ваколатига киради», — деди Сенат раиси.

Сурат: t.mе/bort_01

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар