14:40, 20 Октябрь 2022 | GMT +5
2023 йилдан Қозоғистонда экин ҳосилдорлигини ҳисоблашда космик мониторинг маълумотларидан фойдаланилади
ASTANA. Kazinform - 2023 йилдан экинлар ҳосилдорлигини ҳисоблаш учун космик мониторинг маълумотларидан фойдаланилади. Бу ҳақда Бош вазир Алихан Смаиловнинг Сенат депутатлари саволига берган жавобида айтилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
«Асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг умумий ҳосилини йиғиш бўйича маълумотларни яхшилаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳосилдорлик, экиш майдони ва алоҳида бошоқли дон экинларининг жами йиғим-терими бўйича космик мониторинг маълумотларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Масалан, жорий йилда Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлигининг статистик фаолиятни амалга ошириш жараёнида Миллий статистика бюросининг масофавий зондлаш маълумотларини қабул қилиш ва улардан фойдаланиш бошланди. Жорий йилнинг июн ойида халқаро ҳамкор – Польша статистика бошқармаси билан ҳамкорликда Қозоғистон статистикасида ХКС тизимларидан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш учун грант ёрдамини олиш учун Европа космик агентлигига ариза юборилди»
, — дейилади Бош вазир жавобида.
«Ушбу усул билан олинган маълумотлар жами тўплам ҳақида тўғри статистик маълумотларга эга бўлиш имконини беради. Бугунги кунда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Кейинроқ лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоланади. Шундай қилиб, қишлоқ хўжалиги статистикасини шакллантиришни такомиллаштириш бўйича ишлар доимий асосда амалга оширилиб, қишлоқ хўжалиги маълумотларини тўғри ҳисобга олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда»
, — деди Алихан Смаилов.
Муаллиф: Марлан Жиембай