2022 йилда Қозоғистонда газ электр станцияларини ишга тушириш бўйича ким ошди савдоси ўтказилади

«Бугунги кунда ваколатли орган билан тузилган инвестиция шартномалари доирасида электр энергияси бозорида 2025 йилгача умумий қуввати 1733 МВт дан ортиқ бўлган янги ишлаб чиқариш манбаларини жорий этиш, янгилаш ва мавжудларини модернизация қилиш имконини берувчи 13 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда электр энергияси тақчиллигини ҳисобга олиб, мавжуд энергия манбаларини модернизация қилиш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш бўйича қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ишлаб чиқилмоқда», — деб ёзади Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр депутат сўровига берган жавобида.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда инвестиция келишувлари лимитини йилига 108 миллиард тенгега бир марта ошириш режалаштирилган, бу умумий қуввати 1200 МВт дан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
«Шу билан бирга, жорий йилда умумий ўрнатилган қуввати 1200 МВт дан ортиқ бўлган мослашувчан ишлаб чиқариш режимига эга замонавий газ электр станцияларини ишга туширишни назарда тутувчи лойиҳалар бўйича аукцион савдолари ўтказилади. Айни пайтда Ҳукумат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигига мувофиқ электр энергияси бозорига энг яхши мавжуд технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш масаласи устида ишламоқда», — дея хулоса қилди Бош вазир ўринбосари.
Муаллиф: Азамат Сиздиқбаев