20 апрелдан Нур-Султан ва Алматида бирқатор иқтисодиёт тармоқлари фаолияти тикланади
Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин бошчилигида Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг позициясини инобатга олган ҳолда, Давлат комиссияси ҳокимларнинг таклифлари асосида Нур-Султан ва Алмати шаҳарларида санитария-эпидемиология чораларига қатъий риоя қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини босқичма-босқич тиклашга қарор қилди.
Биринчи босқич доирасида жорий йилнинг 20 апрелидан бошлаб саноат ва қурилиш корхоналари, шунингдек хизмат кўрсатиш соҳасининг айрим тармоқлари тикланади. Санитария-эпидемиология меъёрларига қатъий риоя қилиш бу борада асосий зарур шартдир.
Давлат комиссияси жорий йилнинг 15 апрелида Нур-Султан ва Алматида фаолияти қайта тикланадиган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини тасдиқлайди.
Бош вазир реабилитация муассасаларида санитария-эпидемиология хавфсизлиги таъминланишини, шунингдек, иш жойларида ишчилар томонидан ижтимоий масофа сақланишини қатъий назорат қилишни буюрди.
Тадбирда, шунингдек, алоқа ва Интернет тармоқлари, нефт экспортини тартибга солиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.